Испания голларга бой ўйинда “шахматчилар”ни мағлуб этди
Спорт
−
29 Июнь 2021
2508Европа чемпионати 1/8 финалининг навбатдаги учрашувида Испания терма жамоаси Хорватияни мағлуб этди. Учрашув Копенгагендаги (Дания) “Паркен” стадионида бўлиб ўтди ва қўшимча бўлимлардан сўнг 5:3 ҳисоби билан якунланди.
Испания терма жамоаси ярим ҳимоячиси Педри ва дарвозабон Унаи Симон ўйиннинг 20-дақиқасида кулгили автоголга сабабчи бўлишди. Испанлар дарвозабони ўз жарима майдончасида Педрининг узатмасини қабул қила олмади. Тўп узоқ бурчакка бориб тушди ва хорватлар ҳисобда олдинга чиқиб олди. 38-дақиқада Пабло Сарабия ҳисобни тенглаштирди. 57-дақиқада испанлар чап қанот орқали ҳужум ташкил этишди. Сесар Аспиликуэта бош билан гол уриб, испанларни олдинга олиб чиқди.
77-дақиқада қарши ҳужумдан унумли фойдаланган Испания ҳужумчиси Ферран Торрес Хорватия дарвозасига учинчи голни урди.
Хорватия ҳужумлар қилишда давом этди. 85-дақиқада ярим ҳимоячи Мирослав Оршич гол уриб, ҳисобдаги фарқни минимал даражага туширди. Учрашувнинг асосий вақти якунланаётган бир паллада Оршич чап қанотдан жарима майдончасига тўпни узатди, ушбу вазиятда Марио Пашалич рақибидан илгарилаб, боши билан зарба берди ва ҳисобни тенглаштирди.
Бироқ қўшимча дақиқаларда Испания иккита гол урди: 100-дақиқада Альваро Мората, тўрт дақиқадан сўнг Микел Оярсабаль рақиб дарвозасини ишғол этди. Хорватия экстра-таймларда ўз ўйинини кўрсата олмади.
Учрашувда ғалаба қозонган Испания чорак финалда амалдаги жаҳон чемпионларини мағлуб этган Швейцария термасига қарши баҳс олиб боради.
Эслатиб ўтамиз, айни дамда Евро-2020 1/4 финалининг учта жуфтлиги маълум бўлди. Мусобақанинг чорак финалида Испания ва Швейцариядан ташқари, Чехия терма жамоаси Дания билан, Италия эса Бельгия билан тўқнаш келади.
Ҳумоюн Орипов
LiveБарчаси