Исмоил Хония ким эди?
Таҳлил
−
31 Июль
19331ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Хония бугун, 31 июль куни Теҳронда Эрон Президенти Масъуд Пезешкиённинг инаугурация маросимида иштирок этгандан сўнг ўлдирилди. Унинг қўриқчиси Хония билан бирга жон берди. Хония қароргоҳи ҳаво ҳужумига учради. ҲАМАС бунинг учун Исроилни айблади. Исроил расмийлари фаластинлик сиёсатчининг ўлдирилиши бўйича изоҳ беришдан бош тортди.
Ҳозирда Исломий Қаршилик Ҳаракати етакчиларидан бирининг ўлими сабаблари ўрганилмоқда.
Исмоил Хония ким ва у қандай қилиб ҲАМАСга кирган?
Исмоил Абдул Салом Аҳмад Хония 1963 йил 29 январда Ғазо секторидаги аш-Шати фаластинлик қочқинлар лагерида туғилган. 1987 йилда Хония Ғазо Ислом университетининг араб адабиёти факультетини тамомлаган.
Университетда таҳсил олаётганда у фаол талабалик ҳаётини олиб борди ва 1987 йилда Ҳаракат ал-Муқаввама ал-Исломия (ҲАМАС – “Исломий қаршилик ҳаракати”) таркибига кирган исломчи талабалар жамиятини бошқарган. Худди шу 1987 йилда ҲАМАС тузилган. Хония 2004 йил мартида ўлдирилган ҲАМАС асосчиси Шайх Аҳмад Ясинга яқин бўлган.
Исроил расмийлари томонидан биринчи ҳибсга олиниши
1988 йилда Исроил ҳукумати Хонияни 1987-1993 йилларда Исроил давлатига қарши Фаластин халқининг биринчи норозилик ҳаракатида иштирок этгани учун ҳибсга олди. У олти ойга қамалган. Иккинчи ҳибсга олиш 1989 йилда содир бўлди. Бу сафар у ва бошқа фаоллар Жанубий Ливанга депортация қилинди.
Ғазога қайтиш ва ҲАМАС билан ишлаш
1993 йилда Хония Ғазога қайтишга муваффақ бўлди. Ўшанда Норвегия пойтахти Ослода Исроил-Фаластин можаросини ҳал қилиш бўйича келишувлар имзоланганди. 1994 йилда Хония ўзи ўқиган университетнинг факультетларидан бирининг декани бўлган, 1997 йилда эса ҲАМАСнинг руҳий раҳбари Шайх Аҳмад Ясин идорасини бошқарган. Ясин ўлимидан сўнг Хония ҲАМАС етакчиларидан бирига айланди ва ташкилотнинг Ғазо секторидаги фаолиятига раҳбарлик қилди. У Исроилни йўқ қилиш ҳақидаги оммавий чақириқлардан қочишга ҳаракат қилди, бунинг учун уни мўтадил исломчи, прагматист ва малакали музокарачи деб атай бошлашди.
Бундан ташқари, Хония ҲАМАС ва Фаластин миллий озодлик ҳаракати (Фатҳ) ўртасида воситачи бўлди. Фатҳ ташкилоти Фаластин Озодлик Ташкилотининг асосий сиёсий кучи бўлиб, у халқаро миқёсда фаластинликлар манфаатларини расман ифодалайди. ҲАМАС бунга кирмайди.
Сиёсий мартаба
2006 йилда Фаластин миллий маъмуриятига бўлиб ўтган парламент сайловларида у ҲАМАС ташкилоти рўйхатида биринчи ўринни эгаллади. Сайловда ғалаба қозонганидан сўнг, Хониянинг айтишича, ҲАМАС бундан Фатҳ ва барча миллий кучлар билан ҳамкорликни Фаластин халқи манфаатларига жавоб берадиган сиёсий йўналиш яратиш учун ишлатади.
Ўша йилнинг февраль ойида Хония бош вазир бўлди. 2007 йилнинг февралигача Хония бир партияли ҲАМАС ҳукуматини бошқарган.
2006 йилда Хониянинг ҳаётига суиқасд қилинган. Унинг кортежи Фатҳ ҳаракати фаоллари томонидан отилган. 2007 йилнинг март ойида ҲАМАС ва Фатҳ ўртасида эришилган келишувлардан сўнг, Хония миллий бирлик ҳукуматини бошқарган.
2007 йил 14 июнь куни Ғазо секторида ҳокимиятни ҲАМАС қўлга киритгандан сўнг, Фатҳ Ғазодан ҳайдалган. Маҳмуд Аббос Хония ҳукуматини тарқатиб юборди. Бироқ у тарқатиб юбориш тўғрисидаги фармон ноқонуний эканлигини айтди. Фақат ҲАМАС аъзолари қолган ҳукумат 2014 йилгача Ғазо секторида фаолиятини давом эттирди. Бу даврда исроилликлар билан қарама-қаршилик давом этди: Ғазодан Исроилга ракета ҳужумлари уюштирилди ва Тель-Авив бунга жавобан секторни иқтисодий блокада қилди. Бу ҳудуддаги турмуш шароитининг сезиларли даражада ёмонлашишига олиб келди. Аслида Ғазо сектори Маҳмуд Аббос бошчилигидаги Фаластин ҳукумати назорати остида эмас, балки анклавга айланганди.
2014 йилнинг баҳорида Хония бош вазирликдан истеъфога чиқди ва шу тариқа Фатҳ ва ҲАМАС вакилларидан иборат миллий бирлик ҳукуматини тузишга йўл очди.
Кейинги воқеалар
2014 йилдан 2017 йилгача Хония ташкилотнинг Ғазо секторидаги етакчиси бўлиб, унинг ўрнига Яҳё Синвар келди. Хония 2017 йилдан то вафотигача ҲАМАС сиёсий бюросини бошқарган.
2018 йил январь ойида АҚШ Давлат департаменти Исмоил Хонияни “глобал террорчи” деб эълон қилди. Буни унинг америкаликлар 1997 йилдан бери расмий равишда террорчи, 2001 йилдан эса ўта хавфли деб таснифлаган ташкилотга раҳбарлик қилганига асосланади.
АҚШ президенти Дональд Трамп 2020 йил январь ойида Фаластин-Исроил муаммосини, асосан, Исроил манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ҳал қилиш режасини эълон қилганидан сўнг, Хония АҚШ ташаббуси “Фаластин миллий лойиҳасини йўқ қилиш”га қаратилган, деган фикрни билдирди. Хония ва Аббос келишувга қарши чиқиш учун биргаликдаги қадамлар ҳақида келишиб олди.
Шаҳсий ҳаёт
Хониянинг 13 фарзанди бор эди.
2024 йилнинг 10 апрелида Исроил ҳаво ҳужуми оқибатида Ғазо секторидаги Шати қочқинлар лагерида уч ўғил ва уч набира ҳалок бўлди.
2024 йилнинг 1 апрелида Хониянинг синглиси Сабаҳ Исроил ҳукумати томонидан ҲАМАС аъзолари билан алоқадорликда, террорга чақиришда ва террорчилик фаолиятини қўллаб-қувватлашда гумонланиб ҳибсга олинган.
Хония Қатарда яшарди.
ҲАМАСнинг қисқача тарихи
ҲАМАС 1987 йил 14 декабрда Шайх Аҳмад Ясин томонидан “Мусулмон биродарлар” ташкилоти таркибида ташкил этилган. Бу ном “Ҳаракат ал-Мукаватаҳ ал-Исломия” сўзининг қисқартмаси. ҲАМАСнинг мафкураси 1988 йил августида қабул қилинган Ислом Хартиясига асосланади. У Исроилнинг мавжуд бўлиш ҳуқуқини тан олмайди ва 1948 йилда Исроил ташкил этилишидан олдин мажбурий Фаластин томонидан босиб олинган барча ҳудудда Фаластин давлатини яратиш мақсадини қўяди.
Ҳаракат ҳуқуқий сиёсий қанот ва ярим ҳарбийлаштирилган “Иззад-Дин ал-Қассам” бригадаларидан иборат. Ҳарбий қанотнинг катталиги, оммавий ахборот воситаларининг хабарларига кўра, тахминан 10-12 минг киши. Бригадаларнинг асосини Эрон ва Сурияда ҳарбий тайёргарликдан ўтган бир неча юз нафар жангчи ташкил этади.