Ислом Каримовга суиқасдни ташкил этишда қатнашган террорчига суд ҳукми ўқилди

3-саҳифа

image
23 йиллик сир. Ислом Каримовга суиқасд қандай амалга оширилганди? north_east

23 йиллик сир. Ислом Каримовга суиқасд қандай амалга оширилганди?

Бугун, 23 февраль куни жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида 16 февраль воқеалари иштирокчисига нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етиб, суд ҳукми эълон қилинди. Бу ҳақда Олий суд Матбуот хизмати раҳбари Азиз Обидов QALAMPIR.UZ’га маълум қилди. 

Ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди судьяси Б.Бердиев раислигида кўриб чиқилган. 

Эълон қилинган суд ҳукмига кўра, судланувчи – 1969 йилда Тошкент шаҳрида туғилган Ж.Ю. Жиноят кодексининг 155-моддаси (терроризм), 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш), 161-моддаси (қўпорувчилик), 164-моддаси (босқинчилик), 223-моддаси (қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш), 242-моддаси (жиноий уюшма ташкил этиш) ҳамда 244-2-моддаси (диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга узил-кесил ўташ учун 20 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Қайд этилишича, ҳукмдан норози тарафлар ҳукм эълон қилинган кундан бошлаб, судланувчи ҳукм нусхасини олган кундан бошлаб, йигирма сутка ичида Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг апелляция инстанциясига шикоят бериши ёки протест билдиришга ҳақлидир.

Эслатиб ўтамиз, “Туркистон ислом ҳаракати” (ТИҲ) халқаро террористик ташкилоти аъзоси, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўта оғир жиноятларни содир этгани сабаб 23 йилдан буён қидирувда бўлган Ю.Ж. исмли шахс Давлат хавфсизлик хизмати томонидан 2020 йилнинг сентябрь ойи охирида қўлга олинган эди. 

1998 йилнинг бошларида Россиянинг Чеченистон Республикасига бориб, иорданиялик Амир Хаттоб томонидан ташкил қилинган жангарилар лагерида махсус тайёргарликдан ўтган ва ўша йилнинг охирларида Афғонистондаги ТИҲ халқаро террористик ташкилоти сафига қўшилган.  

У 1999 йилнинг январь ойида ташкилот етакчиларининг кўрсатмаси билан айланма йўллар орқали Тошкент шаҳрига келиб, бадавлат одамларнинг уйларида босқинчиликларни амалга оширган ҳамда уларнинг пул ва қимматбаҳо буюмларини ўзлаштириб, Афғонистондаги ТИҲ етакчиларига юборган. 

Мазкур шахс 1999 йилнинг 16 февраль ва 30 март кунлари Тошкент шаҳрида амалга оширилган қўпорувчилик ҳаракатларида ҳам иштирок этган. Шунингдек, 1998-2006 йилларда хорижий давлатлардаги халқаро террористик ташкилотлар сафида жанговар ҳаракатларда қатнашган. 

Маълумот ўрнида, 1999 йилнинг 16 февраль куни Тошкентда бир қанча қўпорувчилик ҳаракати рўй берганди. Тошкент осмонини қора тутун қоплаган ўша мудҳиш кундаги террорчилик ҳаракатлари фақатгина мамлакатнинг конституциявий тузумига қарши ҳаракат эмас, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовга суиқасд ҳам эди.

Шу куни пойтахт Тошкентнинг турли ҳудудларида, жумладан Мустақиллик майдони, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий банк бинолари ёнида 6 та кучли портлашлар юз берган. Уларда 16 нафар киши қурбон бўлган, 100 дан ортиқ одам жароҳатланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

905

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг