Ислом давлатлари душман фитналарига қарши курашиш учун бирлашиши керак – Пезешкиён
Олам
−
04 Февраль
2639Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён ислом мамлакатлари ўртасидаги бирлик муҳимлигини таъкидлаб, бу уларга душманлар ва уларнинг мусулмон халқларга қарши фитналарига қарши туришга ёрдам беришини айтди. Бу ҳақда у кеча, 3 февраль куни Ироқ парламенти раиси Маҳмуд ал-Машҳадани билан учрашувда сўз очди.
“Ички ихтилофларни қўзғатиш Ислом умматини заифлаштиради, деб ҳисоблаймиз. Агар ислом мамлакатлари ўз иқтисодиётларини ривожлантиришга, халқининг хавфсизлиги ва фаровонлигини таъминлашга, можаролардан қочиб, умумий мақсадлар йўлида бирлашишга интилса, душманлар ва ғаразгўйларнинг фитнаси албатта барбод бўлади”, деди Пезешкиён.
У ҳозирги глобал вазиятда ислом мамлакатлари ўртасида ҳамдардлик ва бирдамликни мустаҳкамлаш зарурлигини бу халқлар учун асосий талаб сифатида кўрсатди. Шунингдек, савдо-иқтисодий, илм-фан ва чегараларни ҳимоя қилиш соҳаларида барқарор ҳамкорлик ислом давлатлари ўртасидаги муносабатларни яхшилашда муҳим аҳамият касб этишини, бу ўз навбатида уларнинг бирлигини мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.
Бундан ташқари, Пезешкиён ўтган йилнинг декабрь ойи бошида Суриянинг Россияга қочиб кетган президенти Башар Асад ҳукумати ағдарилганидан кейин ўтиш даврида бўлган Суриядаги вазиятга ҳам тўхталди. У Эроннинг Сурияда тинчлик ва ҳудудий яхлитлик сақланиб қоладиган инклюзив ҳукумат тузилиши истагини билдирар экан, Эрон ҳам бу мақсадга эришиш учун бошқа давлатлар билан алоқаларни давом эттириб, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга интилишини айтиб ўтди.
Исроил агрессиясининг ҳалокатли оқибатларини ҳамон жабр кўраётган Ғазо ва Ливандаги вазиятга тўхталиб, Президент Пезешкиён барча исломий мамлакатларни Фаластин ва Ливан халқларига ўз ҳаётларини тиклаш ва қайта қуриш жараёнида ёрдам беришга чақирди.
Ироқ парламенти раиси, ўз навбатида, Эрон ва Ироқ Фаластин масаласида принципиал позицияга эга эканини таъкидлади. Шунингдек, у минтақадаги қаршилик кўрсатиш ҳаракатининг ўтган ойларда баъзи нуфузли шахслар ва қўмондонларни йўқотганига қарамай, сезиларли ютуқларга эришганини қўшимча қилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён Россия ва Эрон ўртасидаги стратегик шериклик тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши икки давлатнинг Ғарбга муҳтож эмаслигига яққол далил бўлганини айтган эди.