Ишсизлик нафақасини тўлаш тартиби ўзгаради
Жамият
−
08 Август 5818 2 дақиқа
Ўзбекистонда 2025 йил 1 ноябрдан ишсизлик нафақасини тўлаш тартиби ўзгармоқда. Бу ҳақда жорий йилнинг 4 август куни Президент фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра, ушбу санадан эътиборан хўжалик юритувчи субъектлар қуйидаги шахслар учун иш ўринларининг мажбурий захираларини шакллантиради:
- ногиронлиги бўлган шахслар;
- оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахслар;
- камбағал оилалар реестридаги оилаларнинг аъзолари;
- муқобил жойлаштириш шаклларида тарбияланган етим шахслар;
- ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган шахслар.
Бунда мажбурий захиралаш ходимлар умумий сонининг 3 фоизидан ошмаслиги зарур. У ходимларининг сони 100 нафардан ортиқ бўлган ташкилотларга нисбатан қўлланади.
Шунингдек, 2025 йил 1 ноябрдан ишсизлик нафақаси фақат меҳнат шартномаси бекор қилинган шахсларга тўланади. Бунда ишсизлик нафақаси сўнгги 5 йилда камида 18 ой ишлаган шахсларга меҳнат шартномаси бекор қилингандан сўнг улар 6 ой ичида мурожаат қилганда, уларнинг охирги 18 ойлик ўртача иш ҳақи ҳисобидан 3 ой давомида тўланади. 1-ойда ўртача ойлик иш ҳақининг 75 фоизи, лекин меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 3 бараваридан ошмаган миқдорда, 2- ва 3-ойларда эса ўртача ойлик иш ҳақининг 50 фоизи, лекин меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 3 бараваридан ошмаган миқдорда тўланади.
Ишсизлик нафақасини такроран белгилашда дастлабки тайинланган нафақани олиш муддати тугагандан сўнг, қўшимча равишда камида 12 ойлик иш стажи талаб этилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ меҳнатга лаёқатли аҳоли ўртасида ишсизлик даражаси Ўзбекистонда 2024 йилнинг бошига нисбатан 1 фоиз пунктга ёки 6,8 фоиздан 5,8 фоизга камайгани хабар қилинганди.