“Ишининг тайини йўқ, лекин “кресло”сини бермайди”. ХТБ бошлиғининг директорларни “савалаган” аудиоси тарқалди

Жамият

image

Тошкент вилояти Халқ таълими бошқармаси бошлиғи Азамат Камолов вилоятдаги мактаб битирувчиларининг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичи пастлигини айтиб, мактаб директорлари ва ўқитувчилар фаолиятини танқид қилди. Унинг ўқитувчи ва директорларга айтган гаплари ёзилган овоз вилоят ҳокимлиги Матбуот хизмати масъули Нозим Абдулланинг Facebook’даги саҳифасида эълон қилинди. 

“Ҳурматли мудирлар, Давлат тест марказининг баллар бўйича дастлабки натижаларни кўрдингиз, ҳамма каналлар бунга қандай муносабат бераётганини ҳам билдингиз. Умумий абитуриентлар сонига нисбатан 55,9 фоиз абитуриент 51,2 баллни ҳам ололмаган. Биздан 101 минг 239 нафар абитуриентнинг 23 минг ёки 24 минги жорий йилда мактабларни тамомлаган абитуриентлар. Майли, қолганлари уч йил олдин, беш йил олдин, борингки, 10 йил олдин битирган бўлиши мумкин, лекин Тошкент вилояти мактабларини битирган-ку, тўғрими? Шу ўқувчиларга дарс берган ўқитувчиларимиз ҳалиям мактабда дарс беряпти, директорлар ишлаяпти. 10-15, 20-25 йил ишлаган директорлар ҳам “кўп йиллик директорман”, деб кўкрагини кериб, жойини бўшатгиси келмайди. Сал камчилигини айтсанг, минг хил жойга мурожаат қилиб, минг хил иғво қилиб, каналларга чиқарадиганлар юрибди орамизда. Ишининг, кўрсаткичининг тайини йўқ, лекин “кресло”сини бергиси келмайди. Ана шу директорларга гапимни етказинглар, бугунги натижалар ҳаммамизнинг фаолиятимизга берилган яққол баҳолар”, дейди вилоят ХТБ бошлиғи.

Унинг сўзларига кўра, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларида абитуриентлар сони Тошкент вилоятидан ҳам кўп, лекин уларнинг баллари анча яхши. 

“Мен ҳар сафар мактаб директори билан ҳам, ўқитувчи билан ҳам кўришганимда ўқитувчи дарсга тайёргарликсиз кираётганини айтяпман. Нафақат бугун, охирги беш-ўн йилда шу ҳолат кузатиляпти. Ўқувчига биз бекорга 14 та фанни ўқитиб, аттестатига ўша баҳоларни қўймаймиз-ку. Математикадан 4 ва 3 баҳолар қўйганмиз, ҳеч кимга 2 баҳо қўйиб, қўлига аттестат бермаганмиз. Лекин абитуриент имтиҳонга келиб, 2 баҳо ҳам ололмаяпти, ярмидан кўп абитуриент 1 баҳо оляпти. Демак, 2 баҳога ҳам лойиқ бўлмаган болаларга биз сунъий баҳо қўйиб, мактабни тамомлатяпмиз. Битирувчини дастлабки фундаментал билимга ҳам эга қилмаяпмиз. Шунинг учун ҳамма мактаб ҳозир ўтириб, шуни таҳлил қилсин. Бу натижа – 35 минг ўқувчига берилган баҳо”, дейди Камолов.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилда олий таълим муассасаларида ўқиш учун имтиҳон топширган абитуриентларнинг ярмидан ортиғи ўтиш балининг энг қуйи чегараси – 56 баллни тўплай олмаган.

ДТМ эълон қилган маълумотларга кўра, жорий йилда 1 073 821 нафар абитуриент имтиҳонда қатнашган. Шундан 51,2 фоизи ёки 550 102 нафари 56,7 баллдан кам балл тўплаган. 48,8 фоизи – 523 719 нафари энг кам баллдан юқори балл йиғган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

458

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг