ИШИД Сурияда қайта тикланиш арафасида – Пентагон
Олам
−
07 Август 2019
10408“Ислом давлати” (ИШИД) террорчилик гуруҳи Ироқда мустаҳкамланяпти ва Сурияда қайта тикланиш жараёнида. АҚШ Мудофаа вазирлигининг Ироқ ва Сурияда ўтказилаётган ҳарбий операция бўйича доимий ҳисобот тайёрлаб борувчи инспекторининг навбатдаги маърузасида шу ҳақда айтилган.
“Ҳудудий “халифалик” йўқотилган бўлса-да ИШИД Ироқда исёнчилик ҳаракатларини олиб бориш учун ўз позицияларини мустаҳкамлаяпти. Сурияда ҳам шу чоракда қайта тикланиш жараёнида эди”, деб таъкидланган ҳужжатда.
Чорак ҳисоботи 2019 йилнинг 1 апрелидан 30 июнигача бўлган даврни ўз ичига олади.
Ҳисоботда қайд этилишича, ИШИД Ал-Холдаги суриялик қочоқлар лагерида ҳам фаоллашяпти. Тахминларга кўра, ИШИД лагердаги қочоқлар орасидан янги аъзоларни жалб қилишга уриняпти.
Маълумот учун, 2018 йилнинг 19 декабрь куни АҚШ Президенти Дональд Трамп Суриядан аскарларини чиқаришни бошлаши тўғрисидаги қарорини эълон қилганди. Ҳарбийларни қайтариш 100 кун ичида бўлиши айтилганди. Бироқ якунда Пентагоннинг юқори мартабали амалдорлари мамлакат Президентини қарорини ўзгартиришга ва аскарларни Сурияда қолдиришга кўндирган.
Сурияда сўнгги 3-4 йил давомида Россия ҳарбийлари билан ҳамкорликда олиб борилган операциялар натижасида ИШИД назоратидаги ҳудудлар ҳукуматга қайтарилди. Бироқ террорчилик гуруҳини тўлалигича йўқ қилишнинг имкони бўлмади.