Иркутскда исириқ олиб келган икки ўзбекистонлик ҳибсга олинди

Олам 9720
image

Ўзбекистоннинг Тошкент ва Наманган вилоятларидан келган икки йўловчи Россиянинг Иркутск халқаро аэропортида қўлга олинди. Маълум бўлишича, божхона ходимлари уларда бир килограммдан ортиқ исириқ борлигини аниқлаган.

Божхона ходимлари хизмат итлари ёрдамида йўловчиларнинг саёҳат сумкаларидан 830 ва 243 грамм оғирликдаги ўсимлик массаси бўлган полиэтилен пакетларни топган. “Телеинформ” агентлиги маълумотларига кўра, ўзбеклар исириқни декларация қилмаган.

“Божхона экспертизаси олиб қўйилган товарлар Гармала (Пеганум) туркумидаги ўсимликнинг қисмлари эканлигини қайд этди. Шунингдек, экспертлар ўсимлик массасида индол – “ҳармин” препарати борлигини аниқлади”, дейилади Иркутск божхона Матбуот хизмати хабарида.

Россия Федерацияси қонунчилигига биноан, мамлакатда ушбу препаратнинг савдоси чекланган, унга нисбатан махсус назорат чоралари ўрнатилган.

Таъкидланишича, йўловчиларда исириқдан тиббий сабабларга кўра фойдаланиш зарурлигини тасдиқловчи ҳужжат йўқ бўлган. Ҳозирда божхона қоидабузарларга нисбатан қонуний жавобгарлик чорасини қўллаш масаласини кўриб чиқмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Беларуснинг Ўзбекистондаги элчихонаси мамлакатга исириқ олиб кириш тақиқланганини эълон қилган эди.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 452
Рейтинг: 2.9
t
×