Иордания АҚШга ўз ҳаво ҳудудида Эрон ракеталарини уриб туширишга рухсат берди
Олам
−
02 Октябрь
11167Иордания АҚШ кучларига араб мамлакати ҳаво ҳудудида Эрон ракеталарини уриб туширишга рухсат берди. Бу ҳақда АҚШ ва Иорданиянинг юқори мартабали расмийларига таяниб, NBC News телеканали хабар берди.
Иордания расмийси бу хабарни тасдиқлади ва Иордания “ҳаво кенгликлари устидан учиб ўтадиган бошқа ҳар қандай ракета” учун ҳам худди шундай қилишини қўшимча қилди.
АҚШ Президенти Жо Байден америкалик ҳарбийларга Исроилга Эрон ҳужумларидан ҳимояланиш ва яҳудий давлатига отилган ракеталарни уриб туширишга ёрдам беришни буюрганди.
Операциядан сўнг, АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Исроил АҚШ ва бошқа ҳамкорлар кўмагида Эроннинг ракета ҳужумини “самарали тарзда мағлуб этганини” айтди. У, шунингдек, ҳужумни "мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган" деб таърифлади ва дунёни ҳужумни қоралашга чақирди.
Давлат департаментининг маълум қилишича, Эрон 200 га яқин баллистик ракета учирди.
Эрон инқилоб гвардияси корпорацияси Исроилга қилган ҳужумида Тель-Авив атрофидаги учта ҳарбий базани нишонга олганини айтди. Уларнинг баёнотида айтилишича, Исроилга отилган ракеталарнинг камида 90 фоизи нишонга етган.
"Ҳудуди энг замонавий ва кучли ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари билан ҳимояланган бўлишига қарамай, снарядларнинг 90 фоизи ўз нишонларига муваффақиятли тегди ва сионистик режим Ислом Республикасининг разведка ва оператив имкониятларидан қўрқиб кетди. Операция халқаро ҳуқуқ ва мудофаа ҳуқуқига мувофиқ амалга оширилди", дейилади баёнотда.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 1 октябрь куни кечқурун Эрон Исроилга ракеталар билан зарба берганди. Исроил армияси радиоси Эрондан Исроилга 200 га яқин ракета учирилганини айтди. Кейинроқ Исроил ҳарбийлари аниқ овоз чиқариб, аҳоли ўз бошпаналарини эркин тарк этишларини билдирди. Исроил Эронга "оғриқли жавоб" беришга ваъда берди. Исроил нашрлари армия бугун, 2 октябрь куни тунда бутун Яқин Шарқ бўйлаб кучли зарба бериши кутилаётганини ёзди.
LiveБарчаси