Интим ҳаёт дахлсизлигини бузганлик учун жавобгарлик белгилаш зарур – Адлия вазирлиги
Жамият
−
11 Декабрь 2021
50865Ўзбекистонда аёллар ўртасида тазйиқ ва зўравонлик натижасида ўз жонига, фарзандлари ҳаётига қасд қилиш ҳолатлари кузатилмоқда. Аёлларнинг нақафат турмуш ўртоқлари томонидан, балки қайнота ва бошқа қариндошлари томонидан, энг ачинарлиси, боғча, мактаб ёшидаги қизларга зўравонлик қилиш ҳолатлари кузатилмоқда. Шулардан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қонунчиликка “таъқиб этиш” (stalking) ва интим ҳаёт дахсизлигини бузиш тушунчасини киритишни таклиф қилмоқда.
Адлия вазирлиги Матбуот хизматидан QALAMPIR.UZ’га маълум қилишларича, вазирлик томонидан хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш билан боғлиқ муаммолар таҳлил қилиниб, уларнинг олдини олиш бўйича қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилди.
Қайд этилишича, миллий қонунчиликка “таъқиб этиш” (stalking), яъни қизларни, аёлларни орқасидан кузатиб юриш тушунчаси киритилмаганлиги, ушбу ҳолатдан ҳимояланиш механизмлари ҳам мавжуд эмаслигини англатади.
“Бу ҳолат арзимасдек туйилиши мумкин, аммо таъқиб қилиш оқибатида хотин-қизларда кучли руҳий тушкунлик, қўрқув, ҳимоясиз шахсдек ўзини ҳис қилиш, одамларга қўшилмаслик каби ҳиссиётларни келтириб чиқаради.
Ушбу ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида қонунчиликка “таъқиб этиш” (stalking) тушунчасини киритиш ҳамда таъқиб остида қолган хотин-қизларга ҳам ҳимоя ордери бериш тизимини жорий этиш керак”, дейилади вазирлик баёнотида.
Келтирилишича, АҚШ, Австралия ва Францияда ҳар 5 нафар аёлдан биттаси таъқиб этишни бошидан кечиради ва ушбу давлатларда мазкур ҳаракатлардан ҳимоя қилиш институтлари шаклланган.
Иккинчи таклифда айтилишича, қонунчиликда иш ва ўқиш давомида тазйиқ ва зўравонликка учраган аёллар иш берувчисининг ёки таълим муассасаси раҳбарининг жавобгарлиги белгиланмаган.
“Иш ёки ўқишда тазйиққа учраган аёллар ва зўравонлик қилган шахс ўртасидаги муносабатларни чеклаш тартибининг йўқлиги такроран зўравонлик, тазйиқ содир этилишига сабаб бўлади.
Шуни инобатга олган ҳолда иш ёки ўқишдаги зўравонликларга чек қўйиш учун жабрланувчи ва тазйиқ ўтказган шахс ўртасидаги ҳар қандай алоқаларни чеклаш лозим”, дейилади вазирлик баёнотида.
Бунда иш берувчилар зиммасига зўравонлар ва жабрланувчининг ҳар қандай ўзаро муносабатга киришишига чеклов ўрнатиш мажбуриятини юклаш керак.
Вазирлик илгари сураётган муҳим таклифлардан бири хотин-қизларга оид интим сурат ва видеоларнинг тарқатилиши билан боғлиқ.
Адлиячиларга кўра, хотин-қизларнинг турли кўринишдаги расмлари, видеоларини тарқатиш орқали уларнинг шахсий ҳаёт дахлсизлигини, айниқса, интим ҳаёт дахсизлигини бузиш ҳолатлари кўплаб учрамоқда.
“Бу ҳолатлар келгусида уларнинг ҳаётини тубдан ўзгартириб, оилавий муносабатларнинг бузилишига, жамиятдан ажралиб нотўғри йўлларга кириб кетишига сабаб бўлмоқда. Амалдаги жавобгарлик чоралари аёлларни бундай ҳаракатлардан тўлақонли ҳимоя қилиш имконини бермаяпти.
Аёлларнинг шахсий ҳаётига турли “тажовуз”ларнинг олдини олиш мақсадида, шахсий ҳаёт дахлсизлигини тўлиқ кафолатлаган ҳолда, уларнинг интим ҳаёт дахлсизлигини бузганлик учун алоҳида жавобгарликни белгилаш зарур”, дейилади баёнотда.
Таъкидланишича, Канада, Германия, Англия, Япония, Австралия, АҚШда шахснинг интим сурати ва видеотасвирларини тарқатганлик учун жавобгарлик мавжуд.
Кейинги таклифга кўра, аёлларга ёрдам кўрсатиш институтларини кўпайтиришга хусусий тадбиркорларни жалб қилиш керак. Бунда тадбиркорларга турли йўналишларда, масалан, ер ажратишда, давлат бино ва иншоотларидан фойдаланишда, солиқ, давлат грантлари, субсидиялар, ижтимоий буюртмаларда имтиёзлар бериш самара беради.
“Бугунги кунга қадар зўравонликка учраган қарийб 36 мингга яқин аёлга ҳимоя ордери берилган, бу дегани 36 минг аёлга ёрдам керак.
Бироқ ҳозирда бутун республикада Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш бўйича марказлари атиги 29 та, бу марказлар зўравонликка учраётган аёлларни тўлиқ қамраб олиш имкониятини бермайди”, дейди вазирлик.
Адлия вазирлиги ташаббуси билан энди қонунчиликка аёлларга гап отиш ёки уларнинг қадди-қоматини баланд овозда тасвирлаш ҳам жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин.
Вазирликдагиларнинг фикрича, бу каби ҳаракатлар аёлларнинг эркин ҳаракатланишини чегаралайди, айрим ҳолларда руҳий тушкунлик, соғлиққа ҳам зарар етказади.
“Шу сабабли, аёлларга нафсониятга тегиши мумкин бўлган гап-сўзларни айтишни тақиқлаш ва ушбу ҳаракатлар учун маъмурий жавобгарлик чорасини белгилаш, шу билан бирга аёлларга шикаст етказиш ҳолати учун жавобгарлик чораларини кучайтириш лозим”, дейилади баёнотда.
Айтилишича, Бельгия, Португалия, Аргентина, Канада, Янги Зеландия ва АҚШ каби давлатларда бундай ҳаракатлар майда ҳуқуқбузарлик сифатида баҳоланиб, 750 еврогача жарима солишга сабаб бўлади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь