Интернетнинг тезлиги “ҳамма ётиб олгани” учун секинми ёки “текин бўлгани”данми?

Технология

image

Карантин сабабли бугун ҳамма уйда. Кимдир телевизор кўрган, яна кимдир китоб ўқиган ва яна кимдир уй ишлари билан банд. Аммо бу пайтда кўпчилик интернетга мурожаат қилиши табиий. Сўнгги янгиликлар билан танишиш мақсадида, ижтимоий тармоқлардаги дўстлари билан суҳбатлашиш учун ва яна бошқа талаблардан келиб чиқиб, бу талаб юзага чиқади. Ўзбекистонда карантин режими эълон қилингач, аҳолига қулайлик яратиш мақсадида интернет тармоқларидан фойдаланиш бепул этиб қўйилди. 

Бу яхши, аммо кўпчиликнинг эътирозига сабаб бўлаётган бир ҳолат бор – унинг тезлиги. Ҳатто мобиль алоқа интернет хизматлари талабга жавоб бермаётгани ҳақида ҳам эътирозлар пайдо бўлмоқда. Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларининг айримлари бунга интернетнинг маълум муддат текин қилиб қўйилганини сабаб қилиб кўрсатаётган бўлса, айримлар карантин сабаб барча интернетда “ётиб олгани” билан изоҳлади.

Бугун, 15 апрель куни АОКА штабида ўтказилган брифингда қатнашган АКТ вазирлиги матбуот котиби Шерзод Аҳматов бу бўйича қилинаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтди.

“Бугунги кунда оператор ва провайдерларнинг мурожаатларни қабул қилувчи "колл-центр"ларда жами 650 дан ортиқ ходим фаолият юритмоқда. Техник хизмат кўрсатиш бригадаларида 1000 дан ортиқ малакали мутахассис ишламоқда. Улар 300 дан зиёд автотранспорт билан ҳамда зарур техника ва ҳимоя воситалари билан таъминланган. 

Карантин даврида оператор ва провайдерлар томонидан янги абонентларни улаш ишлари тўхтатилмаган”, деди Шерзод Аҳматов.

Таъкидланишича, мобиль алоқа операторлари томонидан 302 тадан ортиқ база-станция интернет хизматларини кўрсатиш учун модернизация қилинган.

“Карантин даврида фойдаланувчилар томонидан интернет трафикдан фойдаланиш ҳажми сезиларли даражада ортаётган ҳолатда тармоқнинг ишончли ишлашини таъминлаш учун зарур техник ва ташкилий чоралар кўрилмоқда”, деди АКТ вазирлиги матбуот котиби.


Мақола муаллифи

Теглар

интернет

Баҳолаганлар

245

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг