Инспекторлар билан тезкор алоқа учун махсус қурилмалар ўрнатилади
Ўзбекистон
−
1515 2 дақиқа
Ўзбекистонда 2027 йил 1 февралдан бошлаб фуқаролар профилактика инспекторлари билан куннинг исталган вақтида тезкор боғланиши учун махсус алоқа тугмалари жорий этилади. Қурилмалар инспекторларнинг маҳалладаги хизмат хоналари эшикларига ўрнатилади. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 25 ноябрдаги “Профилактика инспекторлари фаолиятини маҳалла ҳудудида ташкил этиш ва аҳолига янада яқинлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 639-сон қарорида белгиланган.
Қарорга кўра, алоқа тугмалари профилактика инспекторлари хизмат хонасида бўлмаган вақтда аҳолига уларга мурожаат ва хабар юбориш имконини беради. Қурилмаларнинг ишлаш ҳолати ҳудудий ички ишлар органлари томонидан назорат қилинади. Фуқароларнинг тугмалар орқали юборган мурожаатлари ва хабарлари билан боғлиқ шахсий маълумотлари қонунчиликда белгиланган тартибда ҳимоя қилинади.
Режага мувофиқ, республика бўйича жами 8 837 та хизмат хонаси босқичма-босқич шундай қурилмалар билан жиҳозланади. 2027 йилда 2 941 та, 2028 йилда эса қолган 5 896 та хизмат хонасига алоқа тугмалари ўрнатилади.
Бунда профилактика инспекторларига алоқа тугмалари орқали мурожаат ва хабар юбориш имконияти ички ишлар органларининг қисқа рақамлари ҳамда 112 ягона диспетчерлик хизматига мурожаат қилишнинг муқобил тартибини бекор қилмайди.
Алоқа тугмаси орқали мурожаат ёки хабар юборилганда, профилактика инспекторининг хизматда фойдаланиш учун ажратилган махсус планшети ёки мобил қурилмасига овозли сигнал келади. Агар маҳаллада икки ёки ундан ортиқ профилактика инспектори хизмат қилса, хабар уларнинг барчасига бир вақтнинг ўзида юборилади. Ҳар бир инспектор келиб тушган мурожаат ёки хабарни 5 дақиқа ичида қабул қилиш чораларини кўриши лозим. Уни биринчи бўлиб қабул қилган инспектор мурожаатни ўрганиб чиқади.
абар юзасидан тезкор чора кўриш талаб этилса, инспектор зудлик билан ҳодиса жойига етиб боради ёки ҳудуддаги бошқа ички ишлар органлари масъул ходимларини жалб қилади. Бошқа давлат органлари ваколатига кирадиган мурожаат ва хабарлар эса махсус планшет ёки мобил қурилма орқали реал вақт режимида 112 ягона диспетчерлик хизматига юборилади. У ерда улар зудлик билан рўйхатдан ўтказилиб, белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
Алоқа тугмалари орқали келиб тушган мурожаат ва хабарлар профилактика инспекторлари, тегишли ички ишлар органларининг бошқа соҳавий хизматлари ёки ваколатли давлат органлари томонидан қонунчиликда белгиланган тартиб ва муддатларда кўриб чиқилади. Натижаси бўйича фуқарога жавоб хати юборилади.
Live
Барчаси