Одамлар сайёрлараро саёҳат қилиш имконига эга бўлиши мумкин

Технология

image

Буюк Британияда сайёралараро саёҳат қилиш имконини берувчи дунёдаги энг катта термоядро ракета двигатели қурилиши бошланди. Бу ҳақда “Science Alert” хабар берди.

Қайд этилишича, термоядровий қўзғалиш технологияси тезлик ва ёқилғидан фойдаланиш нуқтаи назаридан космик саёҳатлар соҳасида инқилоб ясаши мумкинлиги айтилмоқда. Бу усул ёрдамида инсонлар Марсга икки баравар тезроқ бора олиши ёки Юпитер ва унинг йўлдошларига саёҳат қилиш учун саккиз йил эмас, тўрт йил вақт сарфлаши мумкин.

Буюк Британиянинг Блетчли шаҳрида бунинг учун имкон берадиган термоядровий ракета двигатели Pulsar Fusion қурилмоқда. Тахминан 8 метр узунликдаги двигатель 2027 йилда ишга туширилиши кутилмоқда.

Термоядровий двигателга эга ракетанинг парвозини амалга ошириш учун жуда катта иссиқлик ва босим зарур бўлади. Бунда ракета ичида Қуёшда содир бўладиган реакцияларни такрорлаш талаб этилади. Жараён жуда мураккаб ва хавфли бўлгани учун унинг амалга ошишига кўпчилик ишонмаяпти.

Маълумот учун, термоядровий ҳаракат марказида ўта юқори ҳароратга эга плазма жойлашган бўлиб, олимлар реакцияни барқарор ва хавфсиз тарзда бажариш усулини аниқлаш устида бош қотирмоқда.

“Асосий қийинчилик – электромагнит майдон ичидаги ўта иссиқ плазмани қандай қилиб ушлаб туриш ва чеклашни ўрганишдан иборат. Плазма об-ҳаво тизимига ўхшайди – уни анъанавий усуллардан фойдаланган ҳолда башорат қилиш жуда қийин”, дейди Pulsar Fusion компанияси молиявий директори Жеймс Ламберт.

Моделлаштириш термоядровий реакциянинг ёввойи табиати ҳақида аниқроқ тасаввурни ҳосил қилишга ёрдам бериши мумкин. Pulsar Fusion плазманинг ҳаракатини ҳамда уни қандай қилиб аниқроқ бошқариш мумкинлигини башорат қилиш мақсадида АҚШдаги Princeton Satelitte Systems (Принстон Сунъий Йўлдош Тизимлари) компанияси билан ҳамкорлик қилиб, суперкомпютер алгоритмларини қўллаган.

Агар барчаси олимлар мақсад қилганидек бўлса, ракета ёниш камераси ичидаги ҳарорат бир неча юз миллион даражагача етиши мумкин. Бу эса Қуёшдаги ҳароратдан ҳам баландроқ иссиқлик яратилади дегани. Чиқарилган ортиқча энергия ракетани соатига 800 минг километрдан юқори тезликка олиб чиқиши мумкин.

Буюк Британияда ишлаб чиқилаётган термоядровий двигателда зарядланган заррачалар электр энергиясига айланмай, тўғридан-тўғри кучланиш ҳосил қилади. Бу бошқа турдаги двигателлардан самаралироқ ва унда атом изотопларидан фойдаланилгани учун катта ёқилғи юкини талаб қилмайди.

“Ўзингиздан сўраб кўришингиз керак – инсоният синтез қила оладими? Агар биз уддалай олмасак, буларнинг барчаси аҳамиятсиз. Агар бу қўлимиздан келса, (қила оламиз ҳам) у ҳолда термоядровий ҳаракат мутлақо муқаррар”, дейди Pulsar Fusion бош директори Ричард Динан.

Ядро синтези сайёралараро саёҳат қилиш имониятини бериши билан бир қаторда Ердаги ҳаёт учун деярли чексиз ва тоза энергияни ҳам тақдим этиши таъкидланган.

Шунга қарамай, олимлар бундай усулни дастлаб космосда синаб кўришни режалаштирмоқда. Чунки фазодаги атмосферасиз муҳит ва ўта совуқ ҳарорат бунинг учун қулайлик яратади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2025 йилга бориб Қуёшда содир бўладиган бўронлар Ерни қоплаб олиши ва оқибатда сайёрада интернет бутунлай узилиб қолиши мумкинлиги айтилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Буюк Британия термоядро ракета двигатели сайёралараро саёҳат

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг