Инсон капиталини ривожлантириш учун 102,5 трлн сўм йўналтирилади – Президент
Жамият
−
20 Октябрь 2023
6867Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2024 йил учун давлат бюджетининг асосий йўналишлари ҳамда тармоқ ва ҳудудларда амалга ошириладиган вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, йиғилишда давлат бюджети даромадларини кўпайтириш, харажатларини оптималлаштириш бўйича ҳар бир соҳа, тармоқ ва ҳудудлар кесимида мавжуд захира ва имкониятлар атрофлича таҳлил қилинган. Унда аввало, йирик саноат тармоқларида харажатни қисқартириш орқали таннархни камайтириш бўйича аниқ вазифалар белгиланган.
Масалан, жорий йилнинг биргина тўртинчи чорагида 349 та йирик саноат корхонасида 2,1 триллион сўм харажатларни камайтириш мумкинлиги ҳисоб-китоб қилинган. Бу ишларни тизимли давом эттириш учун ҳукуматга келгуси йилда йирик тармоқларда таннархни 15-20 фоиз камайтириш бўйича дастур ишлаб чиқиш топширилган.
Видеоселектор давомида ҳудудларнинг даромад базасини кенгайтириш масаласига тўхталиб ўтилган. Жумладан, паст қувватда ишлаётган корхоналарга кўмак бериб, уларни тўлиқ қувватга чиқариш чоралари белгиланган. Тадбиркорликни ривожлантириб, солиқ базасини кенгайтириш, афзалликлар бериш орқали “яширин иқтисодиёт”ни қисқартириш муҳимлиги айтилган.
Қишлоқ хўжалигида “катта сакраш”га фақат илм орқали эришиш мумкинлиги таъкидланган. Бу борада ер сифати, нав ва агротехнологияга замонавий илмий ютуқларни кенг татбиқ этиш орқали бир гектарда пахта ҳосилдорлигини 50 центнерга, ғаллада 100 центнерга етказиш вазифаси қўйилган.
Минтақада сув муаммоси кун сайин долзарб бўлиб бораётгани, сўнгги икки йилда сув хўжалигига бюджетдан 22 триллион сўм, жумладан, сув тежовчи технологияларга қарийб 1 триллион сўм субсидия ажратилгани қайд этилган.
Шу боис келгуси йилларда суғориш каналларини бетонлаш, сув тежовчи технологиялар ўрнатиш ишларига ажратиладиган маблағ кўпайтириб борилиши, жумладан, келгуси йилда марказлашган инвестиция ҳисобидан 1,7 триллион сўмлик ва халқаро молия ташкилотларидан 300 миллион долларлик сув инфратузилмаси лойиҳалари амалга оширилиши таъкидланган.
Давлат раҳбари бу масалага кенгроқ тўхталиб, суғориш каналларини бетонлаш бўйича уч йиллик дастур қабул қилинишини айтган.
“Яқинда қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030" стратегиясида ижтимоий соҳаларни ривожлантириш устувор вазифа этиб белгиланган. Шу боис 2024 йил учун давлат бюджети лойиҳасида бу соҳаларга катта эътибор қаратилган. Хусусан, келгуси йил инсон капиталини ривожлантириш учун 102,5 триллион сўм йўналтириш мўлжалланмоқда. Бу жорий йилга нисбатан 15 фоиз кўп. Масалан, дастлабки лойиҳада 317 та мактаб қурилиши ва реконструкция қилиниши режалаштирилган эди”, деган Президент.
Мирзиёев бу масаланинг муҳимлигини ва жойлардаги талабни инобатга олиб, яна 150 та мактаб қурилишига маблағ ажратишни таклиф қилган. Шунингдек, йиғилишда мактабгача таълим, профессионал ва олий таълим тизими учун назарда тутилган маблағларни ҳам кўпайтириш бўйича фикр билдирилган.
Шу билан бирга, ушбу маблағлардан оқилона фойдаланиш, ажратилаётган маблағларнинг натижадорлигини ошириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилган.
Президент келгуси йилдан “Маҳалла бюджети” тизими тўлиқ жорий қилиниши, ҳар бир маҳалланинг 100 миллион сўмгача маблағи бўлишини маълум қилган.
Давлат раҳбари бу маблағларни маҳаллада иш ўрни яратадиган, аҳолининг оғирини енгил қиладиган лойиҳаларга йўналтириш зарурлигини таъкидлаган. Ушбу янги тизим бўйича маҳалла раисларини ўқитиш, маблағларнинг ҳисобини юритиш ва назорат қилиш юзасидан кўрсатмалар берилган. Бундан ташқари, бюджет интизомини кучайтириш бўйича қонунчиликка таклифлар киритиш зарурлиги айтилган. Бу борада бюджети маблағлари ҳисобидан тўғридан-тўғри шартномалар тузишга йўл қўймаслик, очиқ-ошкора танлов ва тендерлар ўтказиш амалиётини кенгайтириш қатъий кўрсатиб ўтилган.
Тармоқ, соҳа ва ҳудудларга келгуси йил 32 миллиард доллар инвестиция жалб этиш, экспортни 19 миллиард долларга етказиш имкониятлари кўриб чиқилган. Йиғилишда қайд этилишича, билдирилган фикрлар асосида 2024-йил учун бюджет лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилади.
Айтилишича, кун тартибидаги иккинчи масала ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга оид бўлган. Мирзиёев Қашқадарё вилояти мисолида йил якунигача бўлган ишларни максимал даражада бажариш, келгуси режаларни белгилашда аҳоли талаби ва муаммодан келиб чиқиш йўлини кўрсатиб берган. Бунда ҳокимликлар билан вазирликлар тенгма-тенг масъул экани, ўзаро мувофиқ ишлаб, соҳа ва жойлардаги масалаларни ҳал этиш зарурлиги таъкидланган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь