Имтиҳоннинг якуний қисми. Бугун “Барселона” “Интер” меҳмони бўлади
Спорт
−
06 Май 5083 3 дақиқа
Бугун, 6 май куни Европа Чемпионлар лигаси ярим финалининг жавоб ўйинидан ўрин олган “Интер” ва “Барселона” ўртасидаги баҳс бўлиб ўтади.
Требл учун интилаётган Флик шогирдлари

Ханси Флик бошқарувидаги “Барселона” жорий мавсумда мақсадларни юқорий планкага олиб чиқди ва навбатма-навбат эришиб бормоқда. Ла Лигада энг яқин таъқибчиси “Реал Мадрид”дан 4 очко олдинда ва 11 май куни бўлиб ўтадиган “эль класико” ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади. Испания кубогида мадридликлар таслим этилган. Энг асосий соврин, албатта, Европа Чемпионлар лигаси кубоги. Жамоа ярим финалда “Интер”га дуч келди. “Монтжуик” стадионида бўлиб ўтган дастлабки ўйинда жанговар 3:3 ҳисоби қайд этилди. Жавоб ўйини олдидан каталонияликлар фаворит мақомида. Чунки клубнинг асосий ҳужумчиси Роберт Левандовски “Сан-Сиро”даги учрашувда майдонга тушиши кутилмоқда.
“Интер”нинг сўнгги умиди

Симоне Инзаги бошқарувидаги “Интер” жорий мавсумда яхши старт намойиш этганди. Бироқ клуб якунга келиб, бирма-бир совринлар учун курашдан чиқа бошлади. Дастлаб “Интер” Италия кубоги ярим финалида ҳамшаҳарлари “Милан”га йирик 3:0 ҳисобида мағлуб бўлди ва турнирни тарк этди. А Серияда эса 36-турга қадар жамоа 74 очко жамғарган ва етакчи “Наполи”дан 3 очкога ортда қолмоқда ҳамда чемпионлик пойгасида қийинчиликка учрайди. Европа Чемпионлар лигасида эса клуб “Барселона”га қарши биринчи ўйинда жанг таклиф қилди ва 3:3 ҳисобини қайд этди. “Сан-Сиро”даги ўйин барчасини ҳал қилади. Яна бир фактни қайд этиб ўтиш жоиз, “Интер” ўз уйида бўлиб ўтган ЕЧЛ ўйинларида 3 йилдан бери ютқазмай келмоқда.
Икки жамоа таркибидаги йўқотишлар
.jpg)
Ўйиндан олдин икки жамоа таркибида ҳам бир қанча жиддий йўқотишлар бор. Даслтаб, “Барселона”нинг йўқотишлари ҳақида. Каталонияликлар сафида қанот ҳимоячиси Алехандро Бальде, дарвозабон Марк Андре Тер Штеген кабилар ўйинни ўтказиб юборади. Жамоанинг асосий ҳимоячиларидан бирига айланган Жюль Кунде ҳам жароҳат сабаб баҳсни ўтказиб юборади. Аммо “кўк-анорранглилар” хурсанд бўладиган тарафи ҳужумчи Роберт Левандовски ва ярим ҳимоячи Марк Касадо Италиядаги баҳсда майдонга тушишга тайёр.

“Интер” сафида эса жамоанинг асосий ҳужумчиси Лаутаро Мартинес ўйинни ўтказиб юбориши ҳақида миш-мишлар бор. Шунингдек, ҳимоячи Бенжамин Павар ҳам катта эҳтимол “Барселона”га қарши учрашувда майдонга туша олмайди.
Юқоридаги йўқотишлар ўйиннинг даражасига таъсир қилмаслиги тайин. Чунки бу охирги имконият, имтиҳоннинг якуний қисми.
Маълумот ўрнида, “Интер” - “Барселона” ўйини 7 майга ўтар кечаси 00:00 да старт олади.