Имомали Раҳмон ўқувчиларни президентни кутиб олиш тадбирларига чақиришни тақиқлади

Олам

image

Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон мактаб ўқувчиларини ҳукумат вакиллари билан учрашувларга олиб бориш амалиётини кескин танқид қилди. Бу ҳақда “Asia Plus” нашри хабар берди.

Қайд этилишича, Имомали Раҳмон жорий йилнинг 1 сентябрь куни “Билимлар куни” муносабати билан қилган нутқида мамлакат таълим тизимидаги бошқа бир қатор жиддий муаммолардан ҳам кескин норозилигини билдирган.

Президент мактаб ўқувчилари, талабалар ва ўқитувчиларни давлат амалдорлари, жумладан, ўзини кутиб олишга чиқариш амалиётини қоралади. Давлат раҳбари ўз нутқида бу каби ишлар ўринсиз ва ўз кўрсатмаларига зид эканини алоҳида таъкидлади.

“Мен буни тақиқладим. Агар амалдор келса, бу яхши, лекин у меҳмон эмас, бу унинг мамлакати. Келсин, кўриб, ўз соҳасидаги камчиликларни тузатсин. Меҳмон дегани бошқа давлатдан келган одамдир”, дейди Раҳмон.

Унинг сўзларига кўра, болаларни расмийлар билан учрашувларга олиб бориш ўқувчилар учун жазо ҳисобланади, чунки улар ёмон об-ҳаво, жазирама ва шамолда соатлаб кўчада туришга мажбур бўлади, бу эса мутлақо қабул қилиниши мумкин эмас.

“Болаларнинг асосий вазифаси ўқиш, турли тадбир ва очилиш маросимларида қатнашиш эмас”, дейди Президент.

У тегишли тузилмалар, жумладан, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилга туман ва шаҳар миқёсидаги тадбирларда бундай ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик бўйича топшириқ берди. Республика миқёсидаги тадбирлар бундан мустасно.

Шунингдек, Тожикистон Президенти баъзи таълим муассасаларида болалар хорижда бўлса-да, дарсда қатнашаётгани кўрсатилаётганини таъкидлади.

“Бу, айниқса, тадбиркорлар ёки амалдорларнинг фарзандларига тегишли. Бу амалиётга барҳам бериш керак”, дейди у.

Давлат раҳбари ўқувчилардан асоссиз пул ундириш, жумладан, ўқитувчиларнинг туғилган куни учун йиғимлар олиш амалиётини ҳам танқид қилди.

“Ёшлигимда бундай эмас эди. Ҳеч ким ўқитувчиларга совғалар учун пул йиғмаган ёки кимнинг туғилган куни қачон эканини муҳокама қилмаган. Бундай амалиётларга йўл қўйиб бўлмайди”, дейди Президент.

Шунингдек, туман ва шаҳарларнинг тегишли тузилмаларига ўқитувчиларни расмий йиғилишлар ёки тадбирлар учун маблағ йиғишга жалб қилмасликни топширди.

“Бундай тадбирлар таълим муассасаларидаги тўловлар ҳисобига эмас, балки фақат давлат органлари томонидан молиялаштирилиши керак”, дейди Раҳмон.

Тожикистон раҳбари ўқитувчилар билан зиддиятга борган айрим ота-оналарни ҳам қоралаб, бу уларнинг одобсизлигини кўрсатишини таъкидлади.

“Ота-она лавозими қандай бўлишидан қатъи назар, ўқитувчиларни ҳурмат қилиши ва қадрлаши керак. Ўқитувчиларсиз прокурорлар ҳам, полициячилар ҳам, муваффақиятли таълим ҳам бўлмайди. Агар ўқитувчилар бўлмаганида мен ҳам, бу ерда ўтирган барчангиз ҳам, вазирлар ҳам, амалдорлар ҳам бу ерда бўла олмас эдик”, дейди Имомали Раҳмон.


Мақола муаллифи

Теглар

Имомали Раҳмон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made