Имомали Раҳмон армияни жангга тайёр бўлишга чақирди
Олам
−
07 Сентябрь 2021
22753Тожикистонда давлат мустақиллигининг 30 йиллиги шарафига ҳарбий парад бўлиб ўтди. Парадда Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон нутқ сўзлаб, тожик халқи мустақиллик ва озодликка эришгандан сўнг, ўта оғир тарихий синов – фуқаролар урушига дуч келганини айтди.
Бироқ, ўз донолиги туфайли тожик халқи бутун инсониятга мустақиллик ва миллий суверенитет байроғи остида бирлаша олишини исботлади, дея таъкидлаган Раҳмон.
Давлат раҳбари Тожикистон Қуролли Кучлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг конституциявий тузумни тиклаш, мамлакатда тинчлик, осойишталик ва сиёсий барқарорликни таъминлашдаги улкан тарихий ролини қайд этди.
Шунингдек, Имомали Раҳмон минтақа ва дунёда террорчилик, экстремистик ва радикал ҳаракат ва ташкилотлар, гиёҳванд моддалар ва қуролларнинг ноқонуний айланиши, кибержиноятлар ҳамда бошқа трансмиллий уюшган жиноятлар фаолиятининг кенгайишига эътибор қаратди.
Таҳлил ва прогнозларга кўра, минтақа ва дунёнинг алоҳида мамлакатларида бундай вазият давом этади ҳамда келажакда янада кескинлашади.
“Бундай шароитда Қуролли Кучлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва, айниқса, Чегара қўшинлари раҳбарияти давлат чегарасини, жамоат ва давлат хавфсизлигини, халқнинг тинч ҳаётини муҳофаза қилиши ва қуролли бўлинмаларнинг жанговар тайёргарлигини юқори даражада сақлаб туриши лозим”, деган Имомали Раҳмон.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь