Илтимос, қўлқоп тақишни унутманг! Кейинги бекат – “алдамчи хавфсизлик”

Таҳлил

image

Жорий йилнинг 16 мартидан буён Ўзбекистонда карантин чекловлари амал қилмоқда. Бу давр мобайнида икки марта кучайтирилган карантинни ҳам бошдан ўтказдик. Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссияси томонидан жорий этилаётган кўплаб чекловлар, албатта, пандемия даврида фуқаролар саломатлигини сақлашга қаратилган. Бироқ, коранавирусга қарши кураш штаби ва тегишли ташкилотлар томонидан қабул қилинган қарорлар, чоралар, тавсия этилган дори-дармонлар, кўрсатмалар ўзини оқламаган ҳолатлар ҳам бўлди. Лекин ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида бугун асосий мавзу – қўлқоп.

Жорий йилнинг 19 октябридан пойтахтдаги жамоат транспортларида тиббий ниқоб билан бир вақтда, қўлқопдан фойдаланиш мажбурияти жорий этилди ва бу кўплаб норозиликларга сабаб бўлди. Ажабланарли жиҳати, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам, Республикаси махсус комиссияси ва Коронавирусга қарши кураш штаби ҳам бу борада ҳеч қандай кўрсатма бермаган. Транспорт вазирлиги томонидан илгари сурилган ушбу мажбуриятга оддий аҳоли билан бир вақтда транспорт ҳайдовчиси ва чиптачиларнинг ҳам амал қилмаётган ҳолатларини кўриб турибмиз. Бу ҳақда кейинроқ сўз юритамиз. 

Вазирлик жамоатчилик норозилигидан сўнг қўлқопларни бепул тарқатишни ва бу пойтахт аҳолиси учун бюджетдан ажратиладиган маблағ ҳисобидан амалга оширилишини айтди. Хўш, давлат бюджети шунчалик бойми? Уни ким тўлдиради? Биргина 2020 йил давлат бюджетининг асосий даромадлари сифатида Қўшилган қиймат солиғи (44,2 трлн), юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи (22,1 трлн) ҳамда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи (16,1трлн) олинган. Эслатиб ўтамиз, Молия вазирлиги ахборотига кўра, 2020 йил учун Давлат бюджети дароматлари 128,4 трлн сўмни ташкил этади. Кўриниб турибдики, Давлат бюджетидан қилинган ҳар қандай харажат халқ тўлаган солиқлар ҳисобидан амалга оширилади. 

Энди асосий мавзуга ўтсак, жамоат транспортларида “текин”га тарқатилаётган қўлқопларнинг бир жуфти 56 сўм. Aрзимаган пул шундайми? Энди буёғини эшитинг. Ҳисоб-китобларга қараганда, жамоат транспортидан бир кунда 430 минг йўловчи фойдаланар экан. Бу 24 миллион 80 минг сўм дегани. Бир ойда 746,480,000 сўм бўлади. Бу, албатта, тахминий ҳисоб-китоблар. Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси бошлиғига кўра, қўлқоплар учун кунига 28 миллион сўм сарфланмоқда. 

Масаланинг нархдан ташқари бўлган жиҳати ҳам бор. Олимларнинг фикрича, қўлқоп “алдамчи хавфсизлик” ҳиссини уйғотади ва одам қўлқоп кийган ҳолда қўли очиқ пайтдагидан кўра кўпроқ бошқа нарсаларга тегинади. Бундан ташқари, ЖССТ ҳам қўлқоп тақиш фойдасиз экани ҳақида бир неча бор баёнот берди. 

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Чекловнинг биринчи куниданоқ Тошкент кўчалари ишлатилган қўлқоплар билан тўлиб кетганига гувоҳ бўлдик. Одамларимиз мазкур қарорга нисбатан ўз муносабатларини шу йўл билан кўрсатаётгандек гўё. Ёки пойтахтда чиқинди қутилари етишмайдими? Маълумот ўрнида айтиш керакки, полиэтилен маҳсулотларининг табиий ҳолда чириши учун тахминан 400 йил талаб этилади. 

Aслида бу каби муаммо билан Олий Мажлисда 11 ўринни банд қилиб турган “яшиллар” партияси шуғулланиши керак. Ҳар қалай сайловолди дастурларида шаҳар тозалигини таъминлаш борасида ҳам етарлича ваъда берилган эди. 

“Бугунги пандемия шароитида  аҳолининг саломатлигини ўйлаб, касаллик тарқалишини олдини олиш мақсадида тиббий ниқоб ва  қўлқоп тақишга қўйилган талаб, тиббий чиқиндилар билан боғлиқ  муаммоларни яна кун тартибига олиб чиқди”, дея ўз муносабатини билдирган Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Борий Алихонов. 

Нима бўлганда ҳам унутмаслик керакки, биз ташлаган бу чиқиндиларни қарор муаллифлари эмас, онамиз тенги аёллар тозалайди. 

Қарор кучга кирганига эндигина 5 кун бўлди.  Aммо унинг ижроси хўжакорсин учун қилинаётгандек. Жамоат транспортларида, хусусан ер ости поездидан фойдаланаётганда метрополитен хизматчилари ўзлари истаган йўловчига тиббий қўлқоб бераётгандек. Қўлқоп тақаётганлар ҳам бармоқ билан санарли даражада. Бу қўлқоп тақишга қарши байкот намунасими ёки қўлқоп захираси бор-йўғи уч кунга етармиди? 

Сўзимиз сўнгида қандай қарор чиқариб, оламшумул янгиликка қўл урсам экан деб бош қашлаётган каттаконларга бир илтимос бор: Қабул қилаётган қарорларингиз фақат маълум мақсадлар ва айрим доиралар манфаатларига эмас, халқ ва унинг манфаатларига мос келсин. Бугун бутун дунё оғир жараённи бошдан кечираётган, Ўзбекистон ҳам бундан мустасно бўлмаган даврда шундоқ ҳам таги кўриниб қолган бюджетни бўлар-бўлмас нарсаларга сарфламайлик. Хулоса сиздан. 

Карим ЗАРИПОВ


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

қўлқоп

Баҳолаганлар

206

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг