Илон Маск Трампни Twitter’га қайтармоқчи
Олам
−
11 Май 2022
4032Америкалик тадбиркор ва миллиардер Илон Маск Америка Қўшма Шататларининг собиқ Президенти Дональд Трампнинг Twitter’даги аккаунти блокланишини “хато” деб атади ва собиқ Президентга ижтимоий тармоққа кириш ҳуқуқини қайтаришга тайёрлигини маълум қилди. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.
“Менимча, Дональд Трампни тақиқлаш хато бўлди, чунки бу кўпчиликни тармоқдан бегоналаштирди ва якунда Дональд Трампни ўз фикрини билдириш ҳуқуқидан маҳрум қилди. Мен бутунлай блокировка қилиш ҳақидаги қарорни бекор қилган бўлардим, аммо Twitter ҳозирча менга тегишли эмас, шунинг учун бу албатта содир бўлади, деб айтолмайман”, дейди Илон Маск.
Миллиардернинг қайд этишича, у ва Twitter асосчиси Жек Дорси доимий тақиқни “камдан-кам ҳолларда” фақат бот ва спам-аккаунтларга нисбатан қўллаш керак деган фикрда.
Аввалроқ, Трамп блокланган аккаунтни тиклаш таклиф қилинган тақдирда ҳам Twitter’га қайтмаслигини айтган эди, собиқ Президент ўзининг Truth ижтимоий тармоғидан фойдаланиш ниятида.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 25 апрель куни Twitter раҳбарлари Илон Маскнинг ижтимоий тармоқни сотиб олиш бўйича 44 миллиард долларлик таклифини қабул қилганини эълон қилди. АҚШ Қимматли қоғозлар ва биржалар комиссиясига кўра, миллиардер келишувни бекор қилишга қарор қилса, у Twitter’га 1 миллиард доллар жарима тўлаши керак. Битимнинг якуний санаси 2022 йил 24 октябрга белгиланган.
Илон Маск ўзини “эркин сўз абсолютисти” дея таърифлайди. У бир неча бор Twitter’нинг модерация сиёсатини танқид қилган ва бу платформа ҳақиқий сўз эркинлигига хизмат қилиши кераклигини айтган. Twitter билан эришган келишуви ортидан чиқарган баёнотида у сўз эркинлигини “фаол демократиянинг асоси” деб атади.
Маълумот учун, Twitter маъмурияти 2021 йил Трамп тарафдорлари мамлакат пойтахти Вашингтондаги Капитолий олдида намойиш уюштириб, Конгресс биносига бостириб киргандан сўнг “зўравонликни янада қўзғатиш хавфи туфайли” Трампнинг аккаунтини блоклаб қўйганди. Шундан сўнг, Трампнинг сайловолди штаби аккаунти ҳам блокланди.
Шунингдек, унинг Facebook, Instagram, Twitch, Snapchat’даги саҳифалари ҳам блокланган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь