Илк марта: Назарбоев набирасининг ўлими ҳақида гапирди

Олам 22728
image

Қозоғистоннинг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев набираси Ойсултоннинг вафоти ҳақида биринчи марта гапириб, унинг бу ҳаётдан эрта кетгани учун жуда афсусланганини айтди.

“Менинг учта қизимдан ажойиб набираларим бор. Афсуски, бу йил менга жуда ўхшаш бўлган бир набирамиздан айрилдик. Унинг бизни жуда эрта ташлаб кетганидан афсусдаман. Биз уни ҳеч қаерга жўнатолмадик, лекин, бу имконсиз эди, у аллақачон бу нарсаниг “қули” эди, тўхтата олмади. Биз уни Москвада даволадик, Лондонда даволадик, у ташқарига чиқиб, [гиёҳвандликка] қайтгандай туюлди” дейди Назарбоев “Портретга чизгилар” ҳужжатли фильмида.

2020 йил 16 августда Қозоғистон Сенатининг (парламентнинг юқори палатаси) собиқ раиси Дарига Назарбоева ўғли 29 ёшли Ойсултан вафот этганини эълон қилди. ОАВ маълумотларига кўра, у Лондонда вафот этган. Унинг ўлимига юрак хуружи сабаб бўлган.

Ойсултан – Қозоғистон Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоевнинг тўнғич қизи Дариға Назарбоеванинг ўғли. Назарбоеванинг ўзи 2020 йил май ойининг бошигача Сенат спикери бўлиб ишлаган. Ойсултоннинг отаси Роҳат Алиев турли йилларда Республика давлат даромадлари вазирининг биринчи ўринбосари, Миллий хавфсизлик қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари, Республиканинг Австриядаги элчиси бўлиб ишлаган, Нурбанкнинг асосий акциядорларидан бири бўлган. 2007 йилда унга “Нурбанк” нинг собиқ раиси Абилмазҳин Гилимов ва унинг ўринбосари Золдас Тимралиевни ўғирлашда айблов қўйилган. Рахат Алиев бир муддат Австрияда яшаган, у ерда сиёсий бошпана олган, кейин Қозоғистон Ҳукуматининг илтимосига биноан. ҳибсга олинган ва қамоқда бўлган. 2015 йилда у ўз камерасида ўлик ҳолда топилган.

Ойсултон Остона (собиқ Қозоғистон пойтахти) шаҳридаги Халқаро таълим коллежида, шунингдек, Австриядаги Америка халқаро мактаб-интернатида таҳсил олган. 2010 йилда у Сандхерстдаги Буюк Британиянинг Қироллик ҳарбий академиясини тугатган ва 2012 йилда Қозоғистон Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармасида ишлай бошлаган. У ерда бир йил хизмат қилган.

Ойсултон Назарбоев жорий йил бошидан бери ижтимоий тармоқлардаги кутилмаган постлари сабаб жамоатчилик диққат марказида пайдо бўлганди.

Шундай постлардан бирида у оила сирини ОАВга олиб чиққанди. Ойсултон Нурсултон Назарбоев бобоси эмас, отаси эканини айтган. Бошқасида эса ҳукуматдагиларни порахўрликда айблаган.

Бундан ташқари, у январь ойида ўз жонига қасд қилишга уринганди. Ойсултон гиёҳванд моддаларга муккасидан кетгани, шунинг учун шифохонада даволангани ҳақида хабарлар тарқалган.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 993
Рейтинг: 2.9
t
×