Илк бор Ўзбекистондан Афғонистон орқали Покистонга юк ташуви амалга оширилди

Жамият

image

Ўзбекистонлик ҳайдовчилар илк маротаба Ўзбекистон–Афғонистон–Покистон йўналиши бўйлаб юк ташувларини мувафақиятли равишда амалга оширди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда. 

“Тошкент – Термиз – Мозори-Шариф – Қобул – Пешавор – Карачи” йўналиши бўйлаб 2760 км йўлни босиб ўтган ўзбекистонлик ҳайдовчилар Карачи портидан ортилган юкни (музлатилган гўшт) бир ҳафтада Тошкентга олиб келган.

Вазирликнинг қайд этишича, ривожланаётган иқтисодий алоқаларнинг кенгайишида Покистон Ислом Республикаси билан транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган лойиҳаларнинг аҳамияти ниҳоятда катта.

Жорий йилнинг 26-27 март кунлари Термиз шаҳрида Ўзбекистон Республикаси, Афғонистон ва Покистон Ислом Республикасининг йирик транспорт-логистика компаниялари, Халқаро автомобиль ташувчилари уюшмаси ҳамда транспорт ва божхона идоралари вакиллари иштирокида транспорт масалалари бўйича уч томонлама ишчи гуруҳининг учрашуви ташкил этилган. 

Учрашувда Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон давлатлари ҳудуди бўйлаб автомобиль транспортида халқаро юк ташувлари жараёнида юзага келаётган муаммолар ва уларни ҳал этиш масалалари юзасидан аниқ чора-тадбирлар режаси белгилаб олинган. 

“Уч томонлама саъй-ҳаракатлар натижасида бугун ушбу транспорт коридорининг тўлақонли фаолият юритиши, юкларнинг қисқа фурсатларда, хавфсиз равишда белгиланган манзилига етказилиши таъминланмоқда”, дейилади хабарда. 
 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

171

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг