Илҳом Алиев Ўзбекистонга келади
Жамият
−
19:33 1289 1 дақиқа
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев жорий йилнинг 23-24 август кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлади. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчиснинг матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Тошкент шаҳрида олий даражадаги музокаралар ҳамда Ўзбекистон ва Озарбайжон етакчилари раислигида Олий давлатлараро кенгашнинг учинчи йиғилишини ўтказиш режалаштирилган.
Саммит кун тартибидан Ўзбекистон – Озарбайжон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ва кенгайтириш масалалари ўрин олган.
Товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, ишбилармон доиралар ва ҳудудлар ўртасидаги кооперацияни чуқурлаштириш, транспорт-транзит соҳасидаги имкониятлардан самарали фойдаланиш, фаол маданий-гуманитар алмашинувни давом эттириш масалалари диққат марказида бўлади.
Давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб жиҳатлари юзасидан ҳам фикр алмашади, кўп томонлама тузилмалар доирасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилади.
Музокаралар якунида салмоқли ҳужжатлар тўпламини имзолаш ҳамда қатор иқтисодий ва гуманитар лойиҳаларни ишга тушириш кўзда тутилган.
Айни кунларда Ўзбекистонда икки мамлакат ҳудудлари форуми ҳамда бошқа қўшма тадбирлар ўтказилмоқда.
Live
Барчаси