“Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 80 йиллиги” медали таъсис этилди
Жамият
−
25 Февраль 5114 2 дақиқа
2025 йил 9 майда Хотира ва қадрлаш куни ўтказилиши, шунингдек, Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 80 йиллиги нишонланиши муносабати билан “Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 80 йиллиги” эсдалик юбилей медали таъсис этилди. Бу тўғрисида бугун, 25 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг тегишли фармони қабул қилинди.
“Белгилаб қўйилсинки, “Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 80 йиллиги” эсдалик юбилей медали билан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари – “1941-1945 йиллардаги Улуғ Ватан урушида Германия устидан қозонилган ғалаба учун” ва “Япония устидан қозонилган ғалаба учун” медаллари билан, уруш йилларида жанговар хизматлари учун бошқа орден ва медаллар билан мукофотланган ёки уруш қатнашчиси гувоҳномасига ёхуд Ватан уруши ногирони гувоҳномасига эга бўлган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва уларга тенглаштирилганлар, шунингдек, Иккинчи жаҳон уруши йилларидаги фронт орти меҳнат фахрийлари, шу жумладан, “1941-1945 йиллар Улуғ Ватан урушидаги шавкатли меҳнати учун”, “Меҳнатдаги жасорати учун”, “Меҳнатда ўрнак кўрсатганлиги учун” медалларига ёки 1941-1945 йиллардаги уруш даврида Қуролли Кучларда фуқаро шахсларни эркин ёллаш бўйича штат лавозимида бўлганлиги тўғрисидаги гувоҳномага эга бўлган меҳнат фронти қатнашчилари мукофотланади”, дейилади ҳужжатда.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси билан биргаликда икки ҳафта муддатда “Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 80 йиллиги” эсдалик юбилей медали билан мукофотланиши лозим бўлган 1941-1945 йиллардаги уруш фахрийлари ва ногиронларининг, меҳнат фронти қатнашчиларининг аниқ рўйхатини тузиб, Вазирлар Маҳкамасига киритиши белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига эса Марказий банк ва “Сувенир” масъулияти чекланган жамияти билан биргаликда бир ой муддатда “Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 80 йиллиги” эсдалик юбилей медаллари ва уларнинг гувоҳномалари бланклари белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан тайёрланишини таъминлаш, икки ҳафта муддатда эсдалик юбилей медалларини топшириш ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 19 февралдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги ПФ–24-сон Фармонида назарда тутилган бир марталик пул мукофотларини тўлаш тартибини белгилаш топширилди.
Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Абдулла Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Маҳмудов зиммасига юкланди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларининг ҳар бирига 10 000 АҚШ доллари миқдорида бир марталик моддий ёрдам берилиши ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси