Икки вилоятда корхона раҳбарлари 3 млрд сўмга яқин кредит пулини “ухлатди”
3-саҳифа
−
26 Январь 2023
8591Самарқанд ва Наманган вилоятида имтиёзли кредит маблағларини ўзлаштирган корхона раҳбарлари аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти маълум қилди.
Наманган вилояти Норин туманида “О.П.” масъулияти чекланган жамияти раҳбари А.Х. аттракцион жиҳозларини олиш учун банкдан ажратилган имтиёзли кредит эвазига 228,8 минг АҚШ долларлик жиҳозларини сотиб олмасдан, кредит маблағини “Р.И.” хориж компанияси орқали нақдлаштириб ўзлаштирган.
Шунингдек, Самарқанд вилояти Ургут туманида “З.Ж.” МЧЖ раҳбари С.Б. иссиқхона қуриш учун банкдан ажратилган имтиёзли кредит маблағи эвазига харид қилинган 416 млн сўмлик металл буюмларини нақд пулга сотиб, кредит маблағини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли орқали талон-торож қилиш) билан жиноят ишлари қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд, Сирдарё ва Тошкент вилоятида кредит маблағларини талон-торож қилган шахслар аниқланганди.