Икки кунда 2 та машинани олиб қочган “уддабурон” қўлга тушди
3-саҳифа
−
20 Май 2023
5867Тошкент вилоятида транспорт воситаларини олиб қочган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Матбуот хизмати QALAMPIR.UZ’га хабар берди.
Аниқланишича, жорий йилнинг 10 май куни Тошкент вилояти Нурафшон шаҳрида фуқаро VAZ 210 13 русумли автоуловининг эшикларини ёпмасдан, калитини ҳам ўзида қолдириб кетган. У қайтиб чиққанида, автомобили жойида йўқ бўлган.
Худди шундай ҳолат 12 май куни Қуйичирчиқ туманида ҳам содир бўлган. “Сергели” маҳалласи ҳудудида жойлашган дала майдонида турган фуқаронинг Nexia автомашиси номаълум томонга олиб қочиб кетилган.
Бу икки ҳолат ўртасида ўзаро боғлиқлик мавжудлиги бўйича дастлабки хулосалар олиниб, тезкор қидирув тадбирлари ташкил қилинган.
Қуйичирчиқ туман Ички ишлар бўлими тезкор ходимлари томонидан ўтказилган тадбирлар давомида Nexia автомашинасини 1991 йилда туғилган Тошкент вилояти Паркент туманида яшовчи шахс олиб қочгани аниқланиб, далилий ашёлар билан ушланган.
Олиб борилган суриштирув ишлари давомида ушбу шахс юқорида келтирилган VAZ 210 13 русумли автомашинани ҳам олиб қочиб кетгани маълум бўлган.
Ҳозирда гумонланувчини бошқа жиноятларга алоқадорлигини текшириш мақсадида қўшимча суриштирув ишлари олиб борилаётгани айтилмоқда.
LiveБарчаси