Икки давлат ташкилоти суд божидан озод этилди

Жамият

image

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси судларга мурожаат қилиш чоғида давлат божини тўлашдан озод этилмоқда. Бу ҳақда бугун, 22 июнь куни Олий Мажлис Сенатининг қирқ иккинчи ялпи мажлисида маълум қилинди.

Мажлисда “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун кўриб чиқилган.

Гап шундаки, амалдаги “Давлат божи тўғрисида”ги Қонуннинг 8, 9 ва 10-моддаларида Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий органлари – ўз зиммасига юклатилган ваколатларига мувофиқ судлар кўриб чиқиши учун киритиладиган даъволар юзасидан давлат божини тўлашдан озод қилинган.

Бироқ Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан биринчи инстанция судларининг ҳал қилув қарорларига нисбатан бериладиган шикоятлари амалдаги қонунчиликка мувофиқ давлат божини тўлашдан озод қилинмаган деган важлар билан юқори инстанция судлари томонидан қайтарилиши ҳолатлари юзага келган. 

Сўнгги 5 йилда Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан судларга жами 108,2 млрд сўмлик даво аризалари киритилиб, қарийб 2,3 млрд сўмлик давлат божи тўланган. Тўланган давлат божларининг 1,2 млрд сўм қисмини жамғармага қайтарилишида қийинчиликлар кузатилган.

Киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳамда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ва унинг ҳудудий органлари томонидан фуқаролик ишлари бўйича судлар, иқтисодий судлар ва маъмурий судларга даъво ариза, ариза ва шикоятлар билан мурожаат қилинганда давлат божидан озод қилиниши назарда тутилган.

Сенаторлар Қонуннинг қабул қилиниши давлат органларига судларга мурожаат қилиш учун ажратилган давлат божи тўловидан тежалган маблағларни тадбиркорликни ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларининг ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари янада ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш учун йўналтиришга хизмат қилиши таъкидлаган ва қонунни маъқуллаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Сенат суд божи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг