Ихтиёрий-мажбурий қуёш панеллари
Таҳлил
−
13 Сентябрь
13188Тадбиркорларни ортиқча йиғимлардан озод қиламиз, тадбиркорлар бюрократик тўсиқларга учраши керак эмас, тадбиркорлар катта куч, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаймиз, тадбиркорларга огоҳлантириш хати юбориб, қуёш панеллари ўрнатмаса, 10 кунда ҳеч қандай огоҳлантиришсиз “свет” ва газдан узиб қўямиз. Бир томондан қўллаб-қувватлаб, бир томондан мажбурлаймиз. Гап нима ҳақда кетаётганини тушунмаётганлар учун бир бошдан айтиб берсам. Ўзбекистондаги тадбиркорлар “свет”сиз қолиши мумкин. Гап шундаки, август ойининг охирида Олмазор туманидаги кўплаб тадбиркорлик субъектларига, шунингдек, QALAMPIR.UZ ижарада бўлиб турган бино маъмуриятига Олмазор тумани электр тармоқлари корхонаси раҳбари Равшан Мирсултонов томонидан имзоланган огоҳлантириш хатлари юборилган.
Унда шундай дейилади:
“Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 февралдаги “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-57-сонли, 2024 йил 31 майдаги “Энергия ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-222-сонли қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида Энергия ресурсларини иқтисод қилиш бўйича Республика штаби раҳбарлари томонидан жорий йилда ўтказилган 7-сонли йиғилиш топшириқ ва кўрсатмаларини инобатга олиб, сизнинг тадбиркорлик фаолиятини олиб бораётган объектингизда ушбу талабнома берилган кундан бошлаб 10 иш куни муддатда электр энергиясидан фойдаланишда доимий яшил муқобил энергияга (қуёш панеллари, компенсация қилиш ускунаси) ўтказилиши ва электр энергиясини 20% иқтисод қилиш лозимлигини билдирамиз”, дейилади хатда.
Шунингдек, огоҳлантириш хатида тадбиркорлар юқоридаги талабни бажармаган тақдирда ҳеч қандай огоҳлантиришсиз электр энергиясидан узилиши қўшимча қилинган.
“Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 10 июндаги “Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 319-сонли қарорининг техник шартлари ва мажбуриятлари бажарилмаган тақдирда электр таъминотидан қайта огоҳлантирилмасдан тармоқдан узиш бўйича огоҳлантирамиз.
Ушбу талабнома ижроси талабнома берилган 10 иш кунида бажарилмаган тақдирда корхонани электр энергияси таъминотидан узиб қўйилиши тўғрисида ОГОҲЛАНТИРАМИЗ!!!”, деб катта ҳарфлар билан ёзилади Олмазор тумани электр тармоқлари корхонаси раҳбари Мирсултонов имзолаган хатда.
Ушбу огоҳлантириш хати тадбиркорлик субъектларига деярли бир кунда – 30 август куни Ички ишлар посбонлари орқали юборилган. Шу куни QALAMPIR.UZ мухбири Олмазор тумани электр тармоқлари корхонасига борди ва хатни қўлида кўтариб, тушунтириш беришларини сўраб юрган ўнлаб тадбиркорларни учратди. Электр тармоқлари корхонаси эса норозиликларни олдиндан пайқагандек, дарвозасини ёпиб олган, ҳудудни эса Миллий гвардия ва Ички ишлар ходимлари қўриқлаётганига гувоҳ бўлдик.
Тадбиркорларга огоҳлантириш ниқоби остида йўлланаётган “мажбурлов” хатлари ҳақида QALAMPIR.UZ хабар берганидан роппа-роса 1 ҳафта ўтиб, 7 сентябрь куни “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ баёнот бериб чиқди.
АЖнинг маълум қилишича, Президент Шавкат Мирзиёевнинг қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш ва Энергия ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича қабул қилган бир нечта қарорларига асосан мамлакат бўйлаб тадбиркорлик субъектлари томонидан ўз эҳтиёжининг маълум қисмини муқобил энергия манбаларидан ишлаб чиқариш белгиланган.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг айтишича, қуёш панеллари ва энергия тежовчи ускуналарни ўрнатганлар учун солиқ ва бошқа имтиёзлар ҳам берилган. Шунга қарамай айрим тадбиркорлар томонидан қуёш панеллари ўрнатишда сусткашликка йўл қўйилаётгани сабабли туман электр таъминоти корхоналари томонидан огоҳлантириш хатлари юборилганмиш.
“Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, хабарларда келтирилганидек, электр тармоқлари томонидан тадбиркорлар томонидан муқобил энергия манбаларини ўрнатиш ишлари мажбурий равишда амалга оширилмаётганлигини маълум қиламиз”, дейилади “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ берган баёнотда.
Бу баёнотни таҳлил қиладиган бўлсак, катта эҳтимол билан тадбиркорларга юборилаётган хатларни “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ катталари кўрмаган. Хатни кўрганида, кўриб ўқиганларида ундаги “Ушбу талабнома ижроси талабнома берилган 10 иш кунида бажарилмаган тақдирда корхонани электр энергияси таъминотидан узиб қўйилиши тўғрисида ОГОҲЛАНТИРАМИЗ!!!”, дейилган жумлани мутлақо ўқиган бўлишарди.
Уни ҳам қўйинг, юқоридаги баёнотда қуёш панеллари ўрнатилиши ва бу ускуналарни ўрнатган тадбиркорлар учун солиқ ва бошқа имтиёзлар ҳам берилгани айтилган. Ҳа айтилган. Агар тадбиркор ўз истаги билан энергия тежовчи ускунани ўрнатса, марҳамат олсин солиқ имтиёзини. Лекин Президент қарори ёки бошқа бир ҳужжатда “қуёш панели ўрнатмаган тадбиркорлар огоҳлантирмасдан “свет”дан узилсин” деб ёзилганми? бизнингча ёзилмаган.
Яна бир гап, жорий йилнинг 6 сентябрь куни (!), яъни “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ тадбиркорлар электр энергиясидан фойдаланишда доимий яшил муқобил энергия – қуёш панеллари, компенсация қилиш ускунаси ўрнатишга мажбурланганини айтиб чиқишидан бир кун аввал тадбиркорлик субъектларига яна огоҳлантириш хати йўлланган ва бу сафар хат муаллифи фақат туман электр тармоқлари корхонаси эмас. Галдаги огоҳлантириш хатига “Олмазортумангаз” газ таъминоти корхонаси ҳам шерик бўлган. Хат мазмуни эса деярли бир хил.
Аввалги хатда қавс ичидаги ускуналар номи 2 та қуёш панеллари ва компенсация қилиш ускунаси бўлган бўлса, бу сафар геоколлекторлар, замонавий газ горелкалари қўшилиб ускуналар рўйхати 4 тага етган. Шунингдек, август ойида тадбиркорларга борган хатдаги “доимий яшил муқобил ўтиш орқали электр энергиясини 20% иқтисод қилиш лозимлигини билдирамиз”, жумласи “доимий яшил муқобил ўтиш орқали электр энергиясини иқтисод қилиш лозимлигини билдирамиз”га ўзгарган.
Аввалги “мажбурлов” хатида талаб бажарилмаган тақдирда фақат электр энергияси узилиши айтилган бўлса, бу сафар қаторга газ ҳам қўшилган.
“Ушбу талабнома ижроси талабнома берилган 10 иш кунида бажарилмаган тақдирда корхонани электр энергияси ва табиий газ таъминотидан узиб қўйилиши тўғрисида ОГОҲЛАНТИРАМИЗ!!!”, дейилади хатда.
Хатни Олмазор тумани электр тармоқлари корхонаси раҳбари Р.Мирсултонов ва “Олмазортумангаз” газ таъминоти корхонаси номидан лавозими кўрсатилмаган Ф.Қўчқоров имзолаган ва огоҳлантириш хати ҳақиқийлиги муҳр билан тасдиқланган.
Қуёш панеллари масаласи кўплаб ОАВларда ёритилганидан сўнг, 11 сентябрь куни Энергетика вазирлиги тилга кирди. Вазирлик мазкур мавзудаги мавжуд шикоятларни ўрганиб чиққанини билдирган.
Энергетика вазирлиги ҳам қуёш панеллари ўрнатишдаги Президент қарорларини бирма-бир эслаган ва унда электр энергияси ҳамда табиий газни тежаш бўйича мақсадли кўрсаткичларнинг бажарилишини таъминлаш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг электр энергияси ҳамда табиий газдан самарали ва тежамкор фойдаланиши бўйича зарур ишларни амалга ошириш, қуёш панеллари, қуёш сув коллекторлари ўрнатиш имконияти бор тадбиркорлик субъектлари ҳамда аҳоли хонадонлари учун мазкур жиҳозларнинг тарғибот-ташвиқотини кучайтириш сингари вазифалар кўрсатиб ўтилганини таъкидлаган. Вазирликка кўра, қуёш панелларини ўрнатиш учун мажбурлаш ҳеч қайси ҳужжатда кўрсатилмаган.
“Кимнидир қуёш панели ўрнатишга мажбурлаш, ўрнатилмаган тақдирда эса, уни тармоқдан узиб қўйиш билан огоҳлантириш масаласи ҳеч бир қонунчилик ҳужжатларида белгиланмаган. Демак, бундай қилиш қонунчиликка зид ва Энергетика вазирлиги бу каби хатти-ҳаракатларни мутлақо ёқламайди”, дейилади берилган кескин баёнотда.
Тадбиркорларга огоҳлантириш хатлари юборилгани ҳақидаги хабарларга ёзилган изоҳларни ўқиган бўлсангиз, кўпчилик “қуёш панелларини катталар олиб кираётгандир-да”, деб ёзилганига кўзингиз тушган бўлиши аниқ. Вазирлик баёнотда бу масалага ҳам ойдинлик киритиб кетган.
“Бугун мамлакатимизга қуёш панеллари ва унинг бутловчи қисмларини олиб кираётган корхоналар сони ҳам кун сайин ортиб бормоқда. Божхона қўмитаси билан олиб борилаётган мониторинг натижалари бўйича биргина жорий йилнинг 8 ойида юртимизга 107 та тадбиркорлик субъекти томонидан 1,5 миллионтадан зиёд қуёш панеллари олиб кирилди. Эътиборлиси, тадбиркорлик субъектларининг 64 таси бу сафга жорий йилда қўшилган. Шунингдек, 62 та тадбиркорлик субъекти томонидан салкам 7 минг дона инверторлар олиб кирилган”, дейилади баёнотда.
Яъни яна ҳам аниқроқ айтганда, қуёш панелларини олиб кириш кимгадир юкланмаган, монополия эмас демоқчи вазирлик.
Шунингдек, вазирлик ўтган йили 5 кВт қувватга эга “On grid” тизимидаги қуёш панели нархи ўртача 50 млн сўм, “Off grid” тизимидаги эса 65 млн сўм бўлган бўлса, 2024 йилнинг сентябрида бу нархлар 35 млн сўм ва 45 млн сўм бўлганини айтмоқда. Вазирликка кўра нархларнинг арзонлашиши ўз-ўзидан эмас, балки бозорда рақобат бўлганидан.
“2023-йилнинг 1-октябридан юридик шахслар ва тадбиркорлар учун, 2024-йилнинг 1-май санасидан эътиборан эса аҳоли истеъмолчилари учун энергоресурслар тариф нархларининг табақалаштирилган равишда оширилиши истеъмолчиларда қуёш панели ҳамда гелиоколлекторларга нисбатан қизиқишни табиий равишда кучайтирди. Хусусан, жорий йилнинг 1-августигача “Қуёшли хонадон” дастури бўйича жами 44 516,4 кВт қувватга тенг 13 минг 324 та, юридик истеъмолчилар билан эса жами 197 201 кВт қувватга тенг 8 минг 776 та шартнома имзоланган. Бу юртдошларимизнинг барчаси қуёш панелини ўз хоҳиши билан ўрнатган”, дейилади баёнотда.
Энергетика вазирлиги бу баёнотни беришга анча тайёрланган чоғИ, бир эмас, нақ учта тасодифий истеъмолчи билан суҳбатлашиб, қуёш панелларининг қанчалик фойдали экани, энергия тежаши ҳақида суҳбатлашган.
“Юқоридагилардан хулоса қилиб айтганда, Энергетика вазирлиги тадбиркорлик субъектларини қуёш панели ўрнатишга мажбурлаш билан мутлақо келишмайди. Аммо тадбиркорларимиз ҳам қуёш панели қўйиш ўз бизнеси учун фойдали эканлигини англаб етишса, нур устига нур бўлар эди. Қолаверса, бугун бу бозорда таклиф қилувчи ҳам, талабгор ҳам, кимлардир ўйлаганидек, кам эмас”, деб ақл берган вазирлик.
Юқорида тадбиркорларга юборилган огоҳлантириш хатларини “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ўқимаган деган эдик. Йўқ. биз адашганмиз. Нафақат “Ҳудудий электр тармоқлари” балки Энергетика вазирлиги ҳам кўрмаган, ўқимаган экан. Чунки вазирлик қуёш панеллари ўрнатишга мажбурлаш қонунчиликка зид эканини айтгану шу хатни юборганлар борлиги ва уларга чора кўрилиши ҳақида миқ этмаган. Ҳам бу “мажбурлов” хатлари юборилиши туманлардан бошлаган. Энди туман электр тармоқлари раҳбарлари шаҳар ёки республикадаги раҳбарларнинг рухсатисиз бундай хатларни юборишга жасорат қилолмаса керак. Яна билмадик.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ва Энергетика вазирлиги берган баёнотдан вазият шу даражага етиб боргани аёнки, туман электр тармоқлари корхоналари томонидан тадбиркорларга босим тариқасида йўлланаётган огоҳлантириш хатларидан на “Ҳудудий электр тармоқлари”, на Энергетика вазирлиги хабардор эмас.
QALAMPIR.UZ’да мавжуд маълумотларга кўра, тадбиркорлик субъектларига бундай огоҳлантириш хатлари нафақат Олмазор тумани ва Тошкент шаҳри, балки бутун республика бўйлаб йўлланмоқда. Вазиятдан хабардор манбаларнинг маълум қилишича, иш бошида прокуратура органлари турган бўлиши мумкин.
Таҳририят журналисти билан шахси сир қолиши шарти билан суҳбатда бўлган соҳа вакилига кўра, “қуёш панелларини ўрнат”, деб мажбурлашга аслида ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Аммо тадбиркорлар қуёш панелларини ўрнатмаган тақдирда ходимлар юқоридан келган топшириқ сабаб корхонани “свет”дан узишга мажбур бўлади.
Юқорида гапимизни тадбиркорларга берилган имкониятлар билан бошлаган эдик. Ниҳояни тадбиркорларнинг ҳуқуқлари бузилганда лаббай деб туриши керак бўлган Бизнес омбудсман борлигини эслатиш билан якунламоқчимиз. Ҳа, хабарингиз бўлмаса деб эслатяпман. Аслида тадбиркорларга хат юборилгани ОАВларда эълон қилиниши билан бунга тезкор муносабат қилиши, қандай чоралар кўрилганини зудлик билан жамоатчиликка айтиши керак бўлган Бизнес омбудсман ҳозирча сукут сақламоқда. Балки улар тадбиркорлар билан боғланган, огоҳлантириш хати юборган туман электр тармоқларини жазолаш учун тақдимномалар киритгандир, униси бизга қоронғи.
LiveБарчаси