Ихтиёрий-мажбурий: қишлоқ хўжалиги суғурталанади

Таҳлил

image

Қишлоқ хўжалиги таваккалчиликлари суғурталаниши кутилмоқда. Бу ҳақдаги қонун лойиҳаси Сенатга юборилди. Мақолада ушбу қонун лойиҳаси, хусусан, ташкил этилаётган жамғарма, Давлат бюджетидан ажратилаётган субсидиялар, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари фаолиятининг ихтиёри-мажбурий суғурталаниши ва бошқалар ҳақида сўз боради.

Қонун лойиҳаси ҳақида

2023 йилги қишки аномал совуқда 9 минг гектар боғ ва 4 минг гектар узумзорни совуқ уриши оқибатида ўша мавсумда 207 минг тонна ҳосил нобуд бўлган. Шундан келиб чиқиб, Президент Шавкат Мирзиёев турли об-ҳаво шароитларида деҳқонлар кўрадиган зарарнинг олдини олиш бўйича топшириқ берган эди ва ўтган йилнинг ноябрида “Қишлоқ хўжалиги таваккалчиликларини суғурта қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилганди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан мазкур қонун лойиҳасининг биринчи ўқилиши жорий йилнинг 7 январь, иккинчи ўқилиши эса 4 март куни бўлиб ўтди. Лойиҳага кўра, 7 боб, 42 моддадан иборат ушбу қонун тасдиқланиб, кучга кирганидан сўнг, бошқарув компанияси ўлароқ асосий бўғинда турувчи “Қишлоқ хўжалиги суғуртаси” жамғармаси ташкил этилади. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги жамғарма фаолиятини мувофиқлаштирувчи орган вазифасини бажаради. Уни молиялаштириш ишлари эса Иқтисодиёт ва молия вазирлиги зиммасида бўлади.

Бюджет бўйнига хуржун…

Жамғарма маблағларида етишмовчилик кузатилса, буни қоплаш давлат бюджети гарданига юклатилади ва аллақачон 2025 йилда аъзолик бадалининг 60 миллиард сўм бўлиши ҳисобланиб, унинг тенг ярмини қоплаш мақсадида давлат бюджетидан 30 миллиард сўм ажратилган. Зарарларни қоплаш эса 2026 йилдан бошланади.

Шунингдек, жамғарма маблағлари халқаро суғурта компаниялари орқали қайта суғурталаниши йўлга қўйилади. Бундан ташқари, бошқарув компанияси қошида жойларда вазиятни ўрганиш ва йўқотишларни баҳолаш кабиларни бажарувчи мустақил экспертлар институти ташкил этилади.

Шунингдек, қонун лойиҳасига кўра, суғурта мукофотининг қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиси томонидан тўланадиган қисми, яъни 50 фоизи тўлиқ тўланган заҳоти суғурта полиси тақдим этилади.

Мазкур қонун лойиҳасида эътиборга олиниши керак бўлган яна бир жиҳат шундаки, жамғарма ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари ўртасида суғурта компаниялари ёки юридик шахслар воситачилик қилади.

Мамлакатда мавжуд 777 мингдан ортиқ қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг имтиёзли кредит олганлари ўз фаолиятларини мажбурий равишда суғурталайди. Қолганларга эса ҳозирча, ихтиёрий.

“Лойиҳа ҳимояси”

Қонун лойиҳасининг биринчи ўқилишида Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов ўз маърузасида мамлакатда “Агросуғурта” тизими мавжудлиги, аммо маблағ етишмовчилиги ва таваккалчиликларнинг катталиги боис қишлоқ хўжалигини суғурта қилишдан тўла воз кечилганини билдирган. Унинг фикрига кўра, суғурта тизимининг давлат тарафидан қопланмагани ҳам бунга сабаб бўлган.

Халқ демократик партияси аъзоси Анвархон Темировнинг эҳтимолий коррупциявий ҳолатларнинг инобатга олингани ҳақидаги саволига:

“Жараёнлар рақамлаштирилиб, бошқа вазирлик ва идоралар билан интеграция қилинади”, дея жавоб берган вазир Абдураҳмонов.

Унинг қўшимча қилишича, фермер хўжалиги субъектлари сунъий равишда сохта маълумот кирита олмайди: об-ҳаво шароити бўйича Ўзгидромет, сув етказиб бериш бўйича Сув хўжалиги вазирлиги, ўғит етказиб бериш бўйича “Ўзкимёсаноат” ва бошқа илмий ташкилотлар хулосалари олинади.

Либерал-демократик партияси аъзоси Зафар Худойбердиев ихтиёрий равишда жамғармага аъзо бўлган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари камчиликни ташкил қилса, суғурталаш мажбурийга айланиб кетиши эҳтимоли ва аъзолик бадали ҳақидаги савол билан вазирга юзланган. Депутатга жавоб берар экан, Абдураҳмонов буни вақт кўрсатишига шама қилди.

“Биласиз, суғуртани мажбурий қилиб бўлмайди. Лекин бунинг келажаги тизимнинг қандай ишлаб кетишига боғлиқ. Мен ҳали қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари ўзларининг манфаатларини тўғри тушунмасдан, ўз фаолиятини бирданига тўлиқ суғурталайди деб ўйламайман. Қурғоқчилик, шўрланиш ва технологик ривожланишдаги энг катта таваккалчиликлар ҳали олдинда. Суғурталаш тизимининг ишлаб кетиши бизнинг тушунтира олишимиз ва ишни яхши ташкил қилишимизга боғлиқ”, деган вазир.

Ташаббускор мутахассислардан бирининг тушунтириш беришича, аъзолик бадаллари ўсимлик ва ҳайвонот тури ҳамда ҳудудлардан келиб чиқиб, алоҳида ҳисоб-китоб қилинади ва Вазирлар Маҳкамаси қарорида тўлиқ кўрсатилади. Лекин пахта ва ғалла ҳисоби аллақачон ишлаб чиқилган ва бу аниқ 4 фоиз.

Ўзбекистон Экологик партияси аъзоси Ноиба Иноятова қонун лойиҳасининг 5-моддасида суғурта шартномалари бир неча таваккалчиликлар бўйича тузилиши белгиланганини айтиб, қуйидагиларни санаб ўтган:

  • Табиий офатлар;
  • Ёнғин;
  • Ўсимликларнинг касаллик ва зараркунандалардан талафот кўриши;
  • Чорва молларининг юқумли касалликлардан нобуд бўлиши ва заҳарланиши;
  • Ёввойи ҳайвонлар томонидан экинлар ва чорва молларига етказиладиган зарар;
  • Учинчи шахсларнинг хатти-ҳаракатлари томонидан етказилган зарар.

Шундан сўнг, депутат моддада таъкидланган учинчи шахслар деганда, кимлар назарда тутилгани ва шахслар томонидан етказилган зарарларнинг бир қисмини қоплаш давлат бюджети мажбуриятига олиниши қанчалик тўғри экани ҳақида савол берган.

Бунга жавобан вазир Абдураҳмонов қонунда аниқлик киритилмаган бўлса-да, суғориш тизимларида сув етказиб берувчи – учинчи шахс ҳисобланишини мисол келтирган. Унинг гапларига қўшимча қилган Иқтисодиёт ва молия вазирлигидан вакил Ботир Усмоналиев ушбу таваккалчиликнинг киритилаётганига қуйидагича изоҳ берган:

“Биринчи сабаб – биз тажрибаларини ўрганган хорижий давлатларнинг сув хўжалиги суғуртаси тўғрисидаги қонунчилигида ушбу таваккалчилик ҳам киритилган. Айтмоқчиманки, агар қасддан қилинган ҳаракатларни назарда тутаётган бўлсангиз, булар суғурталанмайди”, деган у.

Маълумот учун, қонун лойиҳасининг иккинчи ўқилишида мазкур таваккалчиликлар қаторига техноген офатлар ҳам киритилгани айтилган ва умумий жиҳатдан қонунда 7 та таваккалчилик назарда тутилган.

Бадаллар

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абдуманноп Бўриевнинг қонун лойиҳаси бўйича тушунтириш беришича, бадаллар маҳсулот тури, унинг нархи ҳамда ҳудудидан келиб чиқиб турлича баҳоланади ва шунга кўра, вилоятлар ўртасида тўловлар фарқ қилиши мумкин.

Мисол учун, суғурта қилинаётган ҳосилнинг умумий нархи 100 миллион сўм бўлса, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари унинг 10 фоизини суғурта ташкилотига – жамғармага тўлаши керак бўлади.  Қонун лойиҳасига кўра, бадалнинг 50 фоизи давлат томонидан субсидия қилинади. Демак, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари 100 миллион сўмлик суғурта учун 5 миллион сўм тўлайди, қолган 5 миллион сўм эса давлат бюджетидан қопланади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимнинг рақамлаштирилаётганини ҳарчанд такрорлаётган бўлса-да, коррупция эҳтимолини буткул йўқ деб бўлмайди. Мазкур қонун лойиҳаси турли таваккалчиликлар қаршисидаги қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари учун “манфаатли” бўлиши мумкин, аммо бизни ўйлантириши керак бўлган жиҳат тизимнинг тўғри ишлашида, чунки давлат бюджетидан ажратилаётган маблағлар сони катта.


Мақола муаллифи

Теглар

суғурта Қишлоқ хўжалиги Қонунчилик палатаси Иброҳим Абдураҳмонов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг