Ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология марказидаги “ўйинлар” (видео)

Жамият

Ниғматилла Йўлдошев Ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология марказида бўлган “ўйинлар” ҳақида гапирди.

Бош прокурорга кўра, Ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология маркази мансабдорлари, банк ходимлари томонидан бир неча миллиард сўм маблағлар очиқдан-очиқ ўзлаштирган. Шундан 636 млн сўм маблағ бош ҳисобчининг қариндошларига қарашли фирмаларга амалда кўрсатилмаган хизматлар ҳамда етказиб берилмаган жиҳозлар учун ўтказиб юборилган.

Бугун, 25 декабрь куни Бош прокуратурада Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида коррупция ҳолатлари ҳамда уларни келтириб чиқараётган шарт-шароитларни муҳокама қилишга бағишланган Коррупцияга қарши кураш бўйича Республика идоралараро комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

“Тизим мутасаддилари билан мавжуд муаммолар юзасидан гаплашилса, “пул йўқ, маблағ етишмайди” деган баҳоналарни қилишади. Ваҳоланки, соҳани ўзини ўзи молиялаштиришнинг ягона манбаи – пуллик тиббий хизмат кўрсатиш жараёнида ҳисоб-китоб тўғри йўлга қўйилмаган, интизом ва тартиб бўшашиб кетган. Эътиборингизни аниқ рақамларга қаратсам.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент томонидан Ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология маркази директори М., ўринбосари П., бош ҳисобчиси С. ва банк ходимлари, жами 12 нафар шахслар билан жиноий тил бириктириб, 15,3 млрд сўмни ўзлаштирганликлари аниқланди.

Шундан, эътибор беринг, пуллик хизматдан тушган 13,2 млрд сўм банкка топширилмасдан, 1,1 млрд сўм эса, ходимларнинг иш ҳақлари ғазнадан   очиқдан-очиқ ўзлаштирилган.

Бу ҳам етмаганидек, бош ҳисобчи С.нинг укаси К., синглиси Х. Ва қариндоши М.  раҳбарлигидаги корхоналарга амалда кўрсатилмаган хизматлар ҳамда етказиб берилмаган жиҳозлар учун 636 млн сўм ўтказилиб, сув ва ҳаводек зарур маблағлар талон-тарож қилинган. Мана сизга битта муассасадаги ҳақиқий ҳолат”, дейди Ниғматилла Йўлдошев.

Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, 5 нафар масъул мансабдор шахслар қамоққа олинди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ниғматилла Йўлдошев

Баҳолаганлар

186

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг