ИИВ гул суғоришга чиққан аёлларнинг ЙТҲда ҳалок бўлгани юзасидан расмий маълумот берди

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Андижон вилоятига ташрифи арафасида кўчада экилган гулларни суғориш учун олиб чиқилган уч нафар аёлни машина уриб кетгани ва улар ҳалок бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди. 

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги мазкур хабарлар юзасидан расмий баёнот берди. Қайд этилишича, ҳолат Андижон вилояти Ички ишлар бошқармаси томонидан ўрганиб чиқилди.

Маълум бўлишича, кеча, 16 май куни соат 08:00 ларда, Андижон вилояти Андижон туманида яшовчи фуқаро А.С. давлат рақам белгиси 60 О 090 DA бўлган Cobalt русумли автомашинани Асака тумани “Дастурхончи” МФЙ ҳудудидан ўтган “Шаҳрихон-Андижон” йўлида бошқариб бораётиб, чарчоқ таъсирида бошқарувни йўқотиб, йўл четига чиқиб кетган. Натижада йўл четида ободонлаштириш ишларини олиб бораётган туман ободонлаштириш бошқармаси ишчилари О.П., Ф.Т. ва З.У. исмли аёлларни уриб юбориб, йўл-транспорт ҳодисасини содир этган.

Йўл-транспорт ҳодисаси натижасида, О.П. воқеа жойида, Ф.Т. эса кўрсатилган биринчи тиббий ёрдамга қарамай, олган тан жароҳатлари сабаб шифохонада вафот этган.

Фуқаро З.У. чап тизза қисми, ўнг сон соҳасида ва чап қўл соҳасида шилинма жароҳатлари бўлгани учун ҳозирда шифохонада даволанмоқда.

Шунингдек, тарқатилган хабарда “йўл-транспорт ҳодисасини содир этган ҳайдовчи воқеа жойидан қочиб кетган” деб, қайд этилган. Аслида эса ҳодиса жойига етиб келган тезкор-тергов гуруҳига ҳайдовчи А.С. йўл транспорт ҳодисасини содир этганлигини айтган ва улар томонидан воқеа жойини кўздан кечириш ҳаракатида иштирок этган.

Шунингдек, ижтимоий тармоқларда тарқатилган хабарда “жабрланганлар ободонлаштириш бўлимининг доимий маош олиб ишлайдиган ишчилари эмас” деб айтилган. Аслида эса, ушбу аёлларнинг барчаси Асака тумани ҳокимлиги Ободонлаштириш бошқармасининг буйруғига асосан бошқармада ҳақ тўланадиган жамоат ишининг ишчилари бўлган.

Ҳайдовчи бошқарувидаги Cobalt русумли автомашина тезкор-тергов гуруҳи томонидан воқеа жойида кўздан кечирилгандан сўнг, автомашина қонуний тартибда ички ишлар органлари ходимлари томонидан экспертиза ўтказиш учун олиб кетилган.

ЙТҲ натижасида вафот этган шахсларнинг ўлим сабабларини, фуқаро З.У. ва ҳайдовчи А.С.нинг тан жароҳати ҳамда оғирлик даражасини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертиза ҳамда автомашинани техник созлиги бўйича суд-автотехник экспертизаси ва бошқа зарурий экспертизалар тайинланган.

Мазкур ЙТҲ юзасидан Асака тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

ЙТҲ ИИВ Андижон

Баҳолаганлар

64

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг