ИИВ: “Болалар масжидда намоз ўқиш учун эркин келиб-кетишлари мумкин”

Жамият

Ўзбекистонда карантин сабаб диний муассалалар ёпилган. Аммо коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият изга тушиши билан чекловлар олинади ва масжидлар ҳам очилади. Масжидларга келишда ҳеч қандай чекловлар бўлмайди, дейилади Ички ишлар вазирлиги баёнотида.

“Дунё миқёсида кузатилаётган коронавирус пандемияси шароитида Ўзбекистонда ҳам бошқа давлатлардаги каби намозларни масжидларда жамоа билан ўқишда чекловлар жорий қилинди. Бу чекловларнинг барчаси вақтинча ўрнатилган бўлиб, мамлакатимизда коронавирус инфекцияси тарқалишининг хавфи камайиши билан уларни босқичма-босқич ечиш кўзда тутилган.

Жумладан, карантин чоралари бекор қилинганидан сўнг Ўзбекистондаги барча масжидларда фуқароларнинг ҳеч қандай чекловларсиз намозларини жамоа билан адо этишлари учун зарур шарт-шароитлар таъминланади.

Шу ўринда, Ички ишлар вазирлиги масжидларга вояга етмаган фуқаролар ва болаларнинг ўз ота, ака-ука ва яқин қариндошлари ҳамроҳлигида намоз ўқиш учун эркин келиб-кетишлари мумкинлигини эслатиб, бунга қонунчилигимизда ҳеч қандай тақиқлар мавжуд эмаслигини алоҳида таъкидлайди.

Вазирлик ватандошларимизнинг дин эркинлиги соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ҳамда Ушбу йўанилшда бирор қонунга зид ва сунъий чекловлар ўрнатилишига қарши курашишда давом этади”, дейилади вазирлик муносабатида.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ вазият мураккаблашгани сабабли “яшил” ҳудуд ҳисобланган шаҳар ва туманлар ҳам “қизил”га ўзгартирилиб, масжидлар яна ёпилди.


Мақола муаллифи

Теглар

масжид карантин

Баҳолаганлар

225

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг