ИИО терговида 2 гумондор ваҳшиёна қийналаётгани ростми? Муносабат билдирилди

Жамият

image

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов Facebook’даги саҳифасида Ички ишлар органлари томонидан босқинчилик ва бошқа оғир турдаги жиноятлар бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилаётган бир неча гумондорга нисбатан вахшиёна қийноқлар қўлланилганлиги ҳақида пост қолдирди. Мазкур ҳолат юзасидан Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов муносабат билдирди.

Эълон қилинган хабарга кўра, дастлабки ҳолатда “Эзгулик” жамиятига мурожаат қилган Наманган вилояти Поп тумани Чодак қишлоғида яшовчи Дониёр Тўрахўжаев босқинчиликда гумонланган 40 яшар укаси Дилшоджоннинг 12-15 апрель кунлари Тошкент шаҳар ИИББ тергов бўлимида шафқатсиз қийноқларга солингани, оғзи ва қўллари скотч билан боғланиб, ноинсоний қийноқларга солинганини иддао қилган.

Суриштирув, адвокатлар ва гувоҳлар билан суҳбатлардан сўнг маълум бўлишича, Дилшоджон Тўрахўжаев ҳақиқатдан ҳам фуқаро кийимидаги жиноят қидирув бўлими ходимлари, махсус кийимдаги терговчилар томонидан мажбурий кўрсатма олиш мақсадида қийноққа солинган.

Шоҳруҳ Ғиёсов юқоридаги ҳолатга берган муносабатига кўра, жорий йилнинг 12 апрель куни ИИВ Тезкор қидирув департаменти Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси, Тошкент шаҳар ИИББ, Наманган вилояти ИИБ ҳамда ДХХ ходимлари томонидан Тошкент шаҳри ва Наманган вилояти ҳудудларида ўтказилган тезкор тадбирлар жараёнида бир неча ойлар давомида тадбиркорларга нисбатан товламачилик қилиб уларни қўрқув остида ушлаб келаётган йирик уюшган жиноий гуруҳнинг 10 нафар аъзолари қўлга олинган.

Гуруҳ аъзоларининг илгари оғир турдаги жиноятлар билан бир неча маротаба судланганликлари ҳамда ниҳоятда тажовузкор эканликлари инобатга олиниб, Ички ишлар органларининг махсус кучлари жалб этилган ҳолда қўлга олинган ва зарарсизлантирилган. Гумондорларнинг ёнидан махсус тайёрланган 2 дона ўткир тиғли жисм, бир нечта скотч, Ички ишлар органлари ходимларининг дала формалари, резина қўлқоплар, 0,7 грамм “опий” гиёҳвандлик моддаси, трамадол таблеткаси ва спорт сумкаси далилий ашё сифатида олинган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 164-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, гумондорларни бошқа бир қатор оғир жиноятларга алоқадорликлари текширилмоқда. Барчаси ўрнатилган тартибда ҳимоя билан таъминланган.

Шунингдек, Абдураҳмон Ташанов бошқа бир ҳолатда Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 251-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этишда гумонланиб, Тоштурмада сақланаётган 29 яшар Ҳасанбой Абдунабиевнинг суратларини жойлаган. Унга нисбатан содир этилган қийноқ оқибатида у салкам ногиронга айланиб қолганини айтган.

Иккинчи ҳолат бўйича Шоҳруҳ Ғиёсов изоҳ бериб, гумонланувчи қўлга олиш жараёнида қаттиқ қаршилик кўрсатганини айтган.

“Жорий йилнинг 6 апрель куни Божхона қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш бошқармаси ҳамда ДХХ томонидан Тошкент шаҳри ҳудудида кучли таъсир қилувчи заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда эгаллаган фуқаро Х.А. қўлга олиш жараёнида қаттиқ қаршилик кўрсатганлиги сабабли махсус хизматлар томонидан жисмоний куч ишлатилиб қўлга олинган”, дейилади муносабатда.

Ҳозирда гумонланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 251-1-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, бошқа оғир турдаги жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда. Гумонланувчи процессуал тартибда ҳимоя билан таъминланган.

Шу билан бирга, юқорида баён этилган жиноят ишлари бўйича гумондорларнинг айримлари мунтазам равишда спорт билан шуғулланиб келганликлари, илгари кўчада турли муштлашувларда қатнашганликлари аниқланган бўлиб, ҳозирда учинчи шахслар орқали илгари мавжуд бўлган жароҳатларини пеш қилган ҳолда, ижтимоий тармоқларда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига нисбатан ишончсизлик ва носоғлом шов-шув уйғотиш мақсади кўзланаётганлиги ҳақида маълумотлар мавжуд.

Ҳар бир ҳолат юзасидан прокуратура органлари томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

тергов ИИО гумондор

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг