ИИО ходимларини обрўсизлантираётган хабарлар қаердан чиқаётгани маълум қилинди

Жамият

image
Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда ички ишлар органлари ходимларининг хизмат фаолияти билан боғлиқ кўплаб тасвирлар ва мақолалар жойлаштирилмоқда. Бу борада Ички ишлар вазирининг матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов журналист ва блогерларга қилган мурожаатида маълум қилди. 
 
Вазирлик матбуот котибининг ёзишича, ижтимоий тармоқларда ижобий видеолавҳалар билан бирга, ходимлар томонидан йўл қўйилган салбий ҳолатлар, хато ва камчиликлар тасвирланган контент ҳам мавжуд.
 
Мазкур очиқлик ўз ўрнида ходимларнинг жамоатчилик назоратида эканлигини уқтириш билан бирга, хизматдаги камчиликларини аниқлаб, бартараф этишга ҳамда тизимни номуносиб ходимлардан тозалашга ёрдам бермоқда.
 
"Айрим ҳолатларда ходимларнинг ҳаракатлари ортидан пиар қилиш, ҳақиқатдан йироқ бўлган баёнотлар орқали уларни обрўсизлантиришга уриниш, ички ишлар органлари ходимларига нисбатан бўлган шахсий адоватни ижтимоий тармоқлар майдонига чиқариш каби носоғлом тенденция ҳам кузатилмоқда. Бунинг энг ёмон томони, ўз бурчини садоқат билан бажараётган ходимларнинг кайфиятига салбий таъсир кўрсатишидир", деб ёзган Шоҳруҳ Ғиёсов.
 
Қайд этилиишча, жорий йилнинг ўзида, ижтимоий тармоқларда ички ишлар органлари ходимларини обрўсизлантиришга қаратилган 1470 дан ошиқ маълумотлар тарқатилган. Ушбу хабарларнинг деярли 60 фоизи чет элда рўйхатдан ўтган аккаунтлар орқали чиқарилгани маълум бўлган. 
 
"Маълум қиламизки, ҳозирги вақтда Ички ишлар вазирлиги ҳеч қачон бўлмаганидек очиқликни, шаффофликни ҳамда оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни намойиш этиб келмоқда. Ички ишлар органларининг бирорта соҳаси йўқки, журналистлар ёки ижтимоий тармоқ юритувчиларининг ҳамкорлигини рад этган бўлса. Соҳа ахборот хизматлари ўз фаолиятини нафақат вазирликнинг марказий аппарати, балки жойлардаги барча органларда олиб бормоқдалар", дейилган мурожаатда.
 
Шунингдек, Ички ишлар вазирлигининг ахборот хизмати журналистлар, блогерлар ва ижтимоий тармоқ юритувчиларини соғлом ва конструктив ҳамкорликка чақирган. Соҳадаги ўзгаришлар, ижобий ишлар билан шахсан танишишларига имконият яратиб берилишини маълум қилган.
 
Бунга жавобан, ички ишлар органлари билан боғлиқ ҳар қандай ахборот ёки танқидий баёнот субъективизмдан йироқ бўлиши ҳамда холислик акс эттирилиши сўралган.

Мақола муаллифи

Теглар

ИИО

Баҳолаганлар

361

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг