ИИББ Тошкентдаги ЛГБТ намойиши ҳақида янги маълумотлар берди
Жамият
−
30 Апрель 2021
21773Ижтимоий тармоқларда Амир Темур хиёбонида рўй берган ҳодисалар билан боғлиқ жиноят ишлари доирасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг хатти-ҳаракатлари ҳақида маълумотлар тарқалмоқда. Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати ҳолатга муносабат билдирди ва жиноят ишлари бўйича янги маълумотларни тақдим этди.
Жорий йилнинг 28 март куни тахминан соат 15:00 да Юнусобод туманидаги Амир Темур хиёбонида уч-тўрт нафар фуқаро ёш йигит ва қизни ЛГБТ фаоллари деб гумонлаб, уларга тан жароҳатлари етказган. Уларга яна 20-25 нафар шахслар қўшилиб, безорилик ҳаракатларини давом эттирган. Дастлаб, жанжални бошлаган 12 нафар фуқаро ушланган. Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми “б” банди (“Безорилик, бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилиши”) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган.
Қайд этилишича, тергов давомида ҳодисада бевосита иштирок этган шахслар аниқланиб (31 нафар), уларнинг ҳар бирининг ҳаракатига ҳуқуқий баҳо берилган. Улардан тўрт нафари жиноят ишида айбланувчи тариқасида жалб қилинган. Булар: Тошкент вилоятида 1989 йилда туғилган Ф.Қ. ва 1991 йилда туғилган М.Й. шунингдек, пойтахтда истиқомат қилувчи, 1993 йилда туғилган Б.Ф. ҳамда 2002 йилда туғилган Р.А. Айбланувчиларга нисбатан уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораси тайинланган. Дастлабки тергов тугаганидан сўнг, жиноят иши қонуний қарор қабул қилиниши учун судга тақдим этилади.
Хабарга кўра, можарода иштирок этган қолган 27 нафар шахсларнинг хатти-ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (“Майда безорилик”), 194-моддаси (“Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик”), 195-моддаси (“Ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш”) ва 201-моддасида (“Йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш”) назарда тутилган ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд.
Ўзбекистонда бесоқолбозлик расман қонун билан тақиқланган. Ушбу жиноятни содир этганлар Жиноят кодексининг 120-моддаси (бесоқолбозлик) билан жиноий жавобгарликка тортилиши белгилаб қўйилган. Аввалроқ Ўзбекистонда бесоқолбозлиги учун қамалганлар қанчалиги очиқланган эди.
Аввалроқ, Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти расмий Тошкентга мамлакат Жиноят кодексидан 120-модда – бесоқолбозликни чиқариб ташлаш ва жиноий жавобгарликни бекор қилишни сўраб мурожаат билан чиққанди.
Шундан сўнг, бу масала кун тартибига чиқди ва айни вақтда кенг жамоатчилик томонидан қизғин муҳокама қилиняпти. Бесоқолбозлик бўйича Human Rights Watch сўровига депутат Расул Кушербоев ва Ислом цивилизацияси маркази Жамоатчилик билан алоқалар бўлими бош мутахассиси Аброр Мухтор Алий, таниқли олим Мубашшир Аҳмад ҳам муносабат билдирди. Улар бесоқолбозликка оид модданинг жиноят кодексидан чиқариб юборилиши ҳам сиёсий, ҳам диний йўқотишларга сабаб бўлишини урғулаганди.
Жорий йилнинг 28 март куни Тошкентдаги Амир Темур хиёбонида мамлакатда бесоқолбозликни қўллаб-қувватлаётган шахслар ва уларнинг ғояларига қарши намойиш ўтказилди.
Кейинчалик Тошкент шаҳар ИИББ “Сквер”даги намойишда 12 киши ҳибсга олингани ҳақида хабар берди.
Шунингдек, Ўзбекистонда ЛГБТ ҳуқуқларини ҳимоя қилаётган Миразиз Бозоров ўласи қилиб дўппосланди.
Шундан сўнг АҚШ элчиси Бозоровнинг дўппосланишини суриштиришни сўради. Унинг ортидан Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Тим Торлот Тошкентда бесоқолбозлик – ЛГБТ ғояларини ҳимоя қилиб келаётган блогер Миразиз Бозоровнинг калтакланганига муносабат билдирди.
Хорижлик дипломатларнинг муносабатидан кейин Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов халқаро ташкилотларга мурожаат йўллаб, ҳар қандай давлатга бирор талаб қўйишдан олдин миллатнинг менталитети, дини, маданияти, урф-одатларини инобатга олиши кераклигини таъкидлади.
LiveБарчаси