Вазирлик ИИБ бошлиғи андижонлик йигитни калтаклагани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди
Жамият
−
11 Май 2019
8597Ижтимоий тармоқларда Ички ишлар бўлими бошлиғи андижонлик йигитни калтаклагани ҳақида хабарлар тарқалди.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги мазкур хабар юзасидан расмий баёнот билан чиқди. Қайд этилишича, ҳолат Андижон вилояти Ички ишлар бошқармаси томонидан ўрганиб чиқилган.
Аниқланишича, 2019 йилнинг 12 апрель куни Андижон шаҳри, Бўстон даҳаси, Хамрақулов кўчаси 14-уйда яшовчи фуқаро Дилноза Исмоилова Ички ишлар вазирлиги виртуал қабулхонасига мурожаат қилиб, унда 1992 йилда туғилган ўғли Ҳасанбой Исмоилов ИИБ бошлиғи томонидан калтакланганини билдирган.
Мурожаатда айтилишича, воқеа қуйидагича бўлган. Ҳасанбой Исмоилов жорий йилнинг 6 апрель куни соат тахминан 24:00 да Бўстон даҳасидаги компьютер ўйингоҳидан 5-6 нафар танишлари билан чиқаётган вақтида ички ишлар ходимлари ушлаб, Андижон шаҳар ИИО ФМБ 1-сон ИИБга олиб киришиб, у ерда уни нафсониятига тегувчи сўзлар билан ҳақорат қилган, ўғли Ҳасанбой ўзининг ҳуқуқини сўраганида бўлим бошлиғи “Ҳуқуқингни талаб қиладиган бўлиб қолдингми” деб, ўринбосари билан бирга унга тан жароҳати етказган, сўнгра ўзлари чиқиб кетиб, бошқа ходимларни киритиб, ариза қилмайсан, деб шарт қўйган, ўғли йўқ мен эркакман ариза қилмайман деб оғир аҳволда ИИБдан чиқиб, зўрға, тонгги соат 05:00 атрофида уйга келган.
Аёл ўғлининг ҳолатини, бўйин қисмини кўкаргани, нафас олишга қийналаётгани, оқсоқланиб юрганини кўриб, вилоят шифохонасига олиб бориб ётқизган. Ҳозирда ўғлига тан жароҳати етказган 1-сон ИИБ бошлиғи Сарварбек ва ўринбосарига тегишли жазо берилишини сўраган.
Ҳолат бўйича 2019 йилнинг 16 апрель куни Андижон шаҳар прокурори Ички ишлар бошқарма бошлиғи номига хизмат текшируви ўтказиш бўйича тақдимнома юборган. Унда фуқаро Д.Исмоилованинг аризасига кўра, 2019 йил 6 апрель куни соат тахминан 23:20 атрофида унинг ўғли Ҳасанбой Исмоилов Бўстон даҳасида компьютер ўйинлари ўйнаётган вақтида ИИБ ходимлари келиб, Андижон шаҳар ИИО ФМБ 1-сонли ИИБга олиб кетганликларини, у ерда рўйхатдан ўтказилиб, бармоқ изи олганликларини, бармоқ изи олаётган вақтида уни рўйхатдан ўтказган жамоатчилик вакили Абдулбосит Даминов уни ҳақорат қилганлиги, буни кўрган бўлим тезкор вакиллари уни ташқарига олиб чиқиб, тинчлантирганлигини, бироздан сўнг уни ташқарида турганлигини кўрган “Абдувосит” ёнига келиб яна гап тортиша бошлаганлигини, шу пайт бўлим бошлиғи Сарвар Холдаров бу ҳолатни кўриб, уни олдига чақирганлигини, у олдига бориши билан уни уриб унга тан жароҳати етказганлигини, соат тахминан 02:45 атрофида қўйиб юборганлигини, 2019 йил 7 апрель куни ИИБ ходимлари томонидан етказилган тан жароҳатлари юзасидан Республика шошилинч тез ёрдам илмий марказининг Андижон филиалига мурожаат қилганлигини баён қилган ва уни ҳақорат қилган ИИБ ходимларига нисбатан қонуний чора кўрилишини сўраган.
Мазкур ҳолат юзасидан Андижон вилояти ИИБ Кадрлар бошқармаси томонидан хизмат текшируви ўтказилган. Унда аниқланишича, 2019 йил 7 апрель куни жамоатчилик вакили Абдулбосит Даминов Андижон шаҳар ИИБ 1-сонли ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилиб, унда тунги хизматга бириктирилган вақтида маъмурий бинога олиб келинганлар билан ўтказилган профилактик-огоҳлантирув ишлари давомида унга нисбатан тунги хизматда ички ишлар органлари ходимлари томонидан олиб келинган фуқаро Ҳасанбой Исмоилов ўзини шахсини баён қилиш ўрнига унга нисбатан носамимий муносабатда бўлиб, белгиланган тартибларга амал қилмасдан у билан тортишиб кетганлигини баён қилган.
Ҳасанбой Исмоилов 2019 йилнинг 7 апрель куни соат 00:42 да 1-сон ИИБдаги “Ички ишлар органларига олиб келинган шахсларни ҳисобга олиш китоби”дан рўйхатдан ўтказилган.
Хизмат текшируви давомида фуқаро Ҳ.Исмоилов ва жамоатчилик вакили А.Даминов ҳамда шу вақтда атрофда бўлганларнинг кўргазмаларида қарама-қаршиликлар вужудга келаётганлигини инобатга олиб, фуқаро Ҳ.Исмоиловнинг танасида енгил тан жароҳатлари борлиги ҳақида суд тиббий экспертиза хулосаси берилганлигини ҳамда Ҳ.Исмоилов ушбу жароҳатларни қандай ҳолатда ва ким томонидан етказилганлигига аниқлик киритиш мақсадида, суриштирув давомида тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо беришлик учун Андижон шаҳар прокуратурасига юборилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь