Ички ишлар вазирига яна икки нафар ўринбосар тайинланди
Жамият
−
28 Январь 5415 2 дақиқа
Рустам Мирзаев Ички ишлар вазирининг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат бўйича ўринбосари бўлди, Диёрбек Сатторов эса Ички ишлар вазири ўринбосари – Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти бошлиғи лавозимига тайинланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг матбуот котиби маълум қилди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармони ва қарори билан Рустам Равшанович Мирзаев Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат бўйича ўринбосари лавозимига тайинланган ва шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Коммуникациялар департаменти бошлиғи ўринбосари лавозимидан озод этилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан Диёрбек Неъматжонович Сатторов Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари – Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти бошлиғи лавозимига тайинланган. Тайинловга қадар Диёрбек Сатторов Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Жамоат хавфсизлиги ва қонун устуворлиги бўйича департаменти шўъба мудири лавозимида ишлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Рустам Жўраев Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари – Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи лавозимига тайинланганди ва шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондони лавозимидан озод этилган эди.
Шунингдек, Ботир Қудратхўжаев Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари – Тезкор қидирув департаменти бошлиғи лавозимига тайинланганди ва шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазири лавозимидан озод этилганди.
Live
Барчаси