Ичидан зил кетаётган Россия Украинага яна ҳаво зарбалари берди

Олам

image

Бугун, 24 июнь куни эрта тонгда Россиянинг Украинага берган сўнгги ҳаво зарбалари ортидан Киевда камида уч киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Украина расмийларига таяниб, “Reuters” хабар берди.

Украина Ички ишлар вазири Игорь Клименконинг айтишича, ракеталар мамлакат бўйлаб камида бешта ҳудудни нишонга олган. Киевдаги кўп қаватли уйга ҳужум оқибатида уч киши ҳалок бўлган, саккиз киши яраланган.

“Бу террорчиларнинг услуби. Россиянинг услуби”, деб ёзган у Telegram-каналида.

Украина ҳарбийларининг маълум қилишича, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими 51 та қанотли ракетадан 41 тасини, шунингдек, Россия томонидан ҳужумда учирилган иккита дронни йўқ қилган.

Киев ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Попко эса шаҳар атрофида 20 дан ортиқ ракеталар уриб туширилганини билдирган.

Шунингдек, Украина жануби-шарқидаги Днепропетровск вилоятига қилинган ҳужумларда саккиз киши яраланган (улардан икки нафари болалар) ва бир неча бинолар вайрон қилинган.

Губернатор Сергей Лисакнинг айтишича, ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари тўққизта ракета ва учта учувчисиз самолётни йўқ қилган, бироқ вилоят маркази Днепрдаги турар-жой бинолари ва номаълум инфратузилма объектига зарба берилган.

Бундан ташқари, Россиянинг камида иккита ракетаси Украинанинг иккинчи йирик шаҳри Харковни нишонга олган, улардан бири саноат зонасига, иккинчиси эса газ қувурига зарар етказган.

Бошқа шаҳарларда ҳам портлашлар борлиги ҳақида хабарлар бор, аммо қурбонлар ва вайронагарчиликлар ҳақида маълумот йўқ.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Украина Киев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг