Иброҳим Раисий Путинга ким тарафида эканини айтди
Олам
−
26 Июнь 2023
31231Россия Президенти Владимир Путин эронлик мавқедоши Иброҳим Раисий билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар берди.
Айтилишича, Эрон Президенти 24 июнь воқеалари муносабати билан Россия раҳбариятини тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирган.
Шунингдек, ўзаро манфаатли икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилиниб, савдо, энергетика ва транспорт соҳаларидаги келишувларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилган.
Путин ва Раисий халқаро кун тартибидаги баъзи масалалар, жумладан, Жанубий Кавказда барқарорликни таъминлаш ва Сурия масаласини ҳал қилиш масалаларига ҳам тўхталган.
Владимир Путин Эрон раҳбарияти ва халқини яқинлашиб келаётган Қурбон ҳайити билан табриклаган. Шахсий алоқаларни давом эттиришга келишиб олинган.
Эслатиб ўтамиз, 24 июнь куни Эрон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Носир Канани Россияда содир бўлган воқеалар унинг ички иши эканини билдирганди. Путин Қозоғистон Президенти билан гаплашганда ҳам Қосим-Жомарт Тўқаев мазкур воқеалар Россиянинг ички иши эканини айтди. Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған эса Путиннинг ҳар қандай қадамларини қўллаб-қувватлашини маълум қилди.
Пригожиннинг бир кунлик исёни
Жорий йилнинг 24 июнь куни “Вагнер” жангчилари Ростовдаги Жанубий ҳарбий округ штаб-квартирасини эгаллаб олди. Пригожин Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Бош штаб бошлиғи Валерий Герасимов “Вагнер”га топширилишини талаб қилиб, Москвага боришини эълон қилди. Бу орада Москвада ҳам хавфсизлик чоралари кучайтирилди. Россия Федерал хавфсизлик хизмати эса Пригожинга қарши жиноий иш қўзғатди. Кечга бориб Беларусь фуқароси Александр Лукашенко Россия Федерацияси Президенти билан келишилган ҳолда “Вагнер” раҳбари Евгений Пригожин билан музокара олиб боргани маълум бўлди. Музокаралар якунида Россия ҳудудида қуролли ҳаракатларни тўхтатиш ва кескинликни юмшатиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Пригожин ҳам Москвага кетаётган қўшинлари ортга қайтарилганини маълум қилди.
LiveБарчаси