ИҲТ ва Кувайт Исроилни огоҳлантирди
Олам
−
09 Май 2022
20458Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) ва Кувайт Ташқи ишлар вазирлиги Исроилни яҳудийларнинг ноқонуний манзилгоҳларида 4000 та янги бино қуриш ва 12 та Фаластин қишлоғини вайрон қилмасликка чақириб, Тель-Авивни огоҳлантирди. Бу ҳақда "Анадолу" агентлиги маълум қилди.
Тель-Авив халқаро ҳуқуқ нормаларини эътиборсиз қолдирмоқда. Исроилнинг "турар-жой қуриш ва кенгайтириш бўйича мустамлакачилик сиёсати" Фаластин халқининг ҳуқуқларини поймол қилишдир, дея таъкидлаган ИҲТ.
Кувайт Ташқи ишлар вазирлиги ҳам Исроил ҳукуматини Фаластиннинг босиб олинган ерларида янги турар-жойларни кенгайтириш лойиҳасини амалга оширишдан огоҳлантирди.
Кувайт ТИВнинг таъкидлашича, Исроилнинг режалари халқаро ҳуқуқни очиқдан-очиқ бузиш ва Яқин Шарқда тинчлик ўрнатишга қаратилган саъй-ҳаракатларга путур етказишдир.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 15 апрель куни Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидида фаластинликлар ва Исроил полицияси ўртасида тўқнашув юз берди. Бунга Исроил полициясининг муқаддас зиёратгоҳ ҳудудига бостириб кириши сабаб бўлди. Бу ҳолат шундан бери ҳар куни такрорланиб келмоқда.
Ҳозиргача Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Яман, Ироқ, Ливия, Иордания ва Туркия Исроил кучларининг Ал-Ақсога киритганини қоралаб чиқди.
Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ҳам Фаластин маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббос билан телефон орқали мулоқот қилиб, Ал-Ақсо атрофидаги ҳодисаларга қаршилик кўрсатишини билдирди.
Маълумот учун, Қуддусдаги “Ал-Ақсо” масжиди мусулмонларнинг биринчи қибласи ҳисобланади.
Мутаассиб яҳудийлар зиёратгоҳ шоҳ Сулаймон мақбараси вайроналари ўрнида барпо этилган деб, масжид ҳудудига тез-тез бостириб киради.
Исроил ва Иордания ўртасида 1994 йилда тузилган келишувга биноан “Ал-Ақсо” масжиди Қуддус Ислом жамғармалари бошқармаси томонидан бошқарилади.
Бироқ, 2003 йилдан бери яҳудийлар маъмурият рухсатини эътиборга олмай, Исроилнинг бир томонлама қарори билан полиция ҳамроҳлигида зиёратга бостириб киришни бошлади. Ислом жамғармалари бошқармаси бундай ҳаракатлар мусулмонлар суверенитетининг бузилиши эканини таъкидлайди.
Камронбей Кенжаев
LiveБарчаси