“Humo Arena” муз саройи қачон очилиши маълум бўлди

Жамият

image

2017 йилнинг бошида қурилиши бошлаган пойтахтдаги “Humo Arena” муз саройида ишлар қизғин паллада. Жорий ойнинг бошигача қурилиш ва пардозлаш ишларининг 80-85% якунланган. Бу ерда қарийб 4000 киши меҳнат қиляпти.

Маҳобати ва чиройи билан дунёнинг манаман деган бинолари билан тенглашишга тайёр бўлган “Humo Arena” муз саройи жорий йилнинг баҳор ойларида очилиши кутилмоқда. 

Аввалига кўп функцияли ушбу муз саройини 2018 йил учинчи чорагида фойдаланишга топшириш мўлжалланган эди. Кейин бу муддат 2018 йил охирига қолдирилди.

Марказий арена ўзига 12 минг кишини ўз бағрига олиш имкониятига эга. Бу ерда қишки спорт турлари (хоккей, шорт-трек, фигурали учиш ва кёрлинг) бўйича мусобақалар ўтказиш, кўргазмалар ва форумлар ташкил этиш мумкин. 

Комплекс етти қаватдан иборат бўлиб, улардан бири еростида жойлашади. Умумий майдони 82,2 минг кв метр, баландлиги 40 метр. Унинг яқинида 1600 та автомобиль учун мўлжалланган тўрт қаватли тураргоҳ бунёд этиляпти.

Лойиҳага Германия, Россия, Австрия, Испания, Франция, Италия ва бошқа давлатлардан ўнга яқин шерик компаниялар таклиф этилган. Улар металл конструкциялари, акустика, ўриндиқлар, муз, коммуникациялар ва бошқа йўналишларда фаолият олиб боришмоқда.

Лойиҳанинг умумий қиймати 1,5 трлн сўм бўлиб, шундан 185 млн АҚШ долларини хориж инвестицияси ташкил этади. 
 


Мақола муаллифи

Теглар

Humo Arena

Баҳолаганлар

92

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг