“Hello Tashkent, salam Tashkent” канали админларига ҳукм ўқилди

3-саҳифа

image

Аввалроқ, ИИВ Тезкор-қидирув департаменти Киберхавфсизлик маркази томонидан Telegram'да “Hello Tashkent, salam Tashkent” номли канал ҳамда гуруҳларни ташкил этиб, уларга фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи видеотасвирларни жойлаштириб келган гуруҳ аниқланиб, қўлга олинган эди.

2024 йил 11 январь куни жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида ушбу шахсларга ҳукм ўқилган. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, ушбу жиноят иши Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси (судда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши) талабларига мувофиқ ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилган.

Судланувчилар Жиноят кодексининг қуйидаги моддалари бўйича айбдор деб топилган:

  • 130-модда 2-қисми “б” банди (Бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган порнографик маҳсулотларни тарқатиш);
  • 139-модда 3-қисми “а”, “г” бандлари (Оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаб, ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда туҳмат қилиш);
  • 140-модда 2-қисми (Нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган тарзда, шу жумладан ОАВ, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштириш орқали ҳақорат қилиш);
  • 141−3-модда 2-қисми “б”, “в” бандлари (Бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, ўн саккиз ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан содир этилган шахснинг шаънини ва қадр-қимматини камситувчи ҳамда инсон ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи маълумотларни ошкор қилиш);
  • 165-моддаси 2-қисми “а”, “в” бандлари (Такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган товламачилик).

Суд ҳукмига кўра, гуруҳ аъзоларига 3 йилдан 7 йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жиноят воситаси деб топилган Telegramʼдаги тегишли каналлар ва аккаунтлар Рақамли технологиялар вазирлиги орқали блокланиши белгиланган.

Маълумот ўрнида, суд ишида 62 киши жабрланувчи ва даъвогар бўлган. Улардан 55 нафарини аёллар ташкил этади.


Мақола муаллифи

Теглар

ҳукм “Hello Tashkent salam Tashkent” админлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made