Гвардиола Ҳусановнинг дебюти ҳақида фикр билдирди

Спорт

image

Англиянинг “Манчестер Сити” клуби бош мураббийи Пеп Гвардиола Англия Премьер лигасининг 2024/2025 йилги мавсуми 23-туридан ўрин олган Лондоннинг “Челси” жамоасига қарши ўйиндан сўнг, “шаҳарликлар”нинг янги футболчиси, ўзбекистонлик ҳимоячи Абдуқодир Ҳусановни қўллаб-қувватлади. 

“У инглиз тилини билмайди, шунинг учун биз у билан яхши мулоқот қила олмадик. Унда ҳаммаси яхши бўлади. У фақат бир ёки иккита машғулот ўтказди. Мен Чемпионлар лигасидаги муҳим ўйини учун (29 январь куни “Брюгге”га қарши ўйин) Жон Стоунзни жароҳатидан сўнг ўйинга қайтишга мажбурлашни хоҳламагандим. Футболчиларнинг бирдамлиги жуда муҳим. Ҳар ким хато қилиши мумкин. Мухлислар ҳар доим янги келганларни қўллаб-қувватлайди. У ҳали жуда ёш. У ўрганади”, деган мураббий.

Англия Премьер лигаси 23-тури доирасида “Манчестер Сити” “Челси”ни қабул қилиб, 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди.

Учрашувнинг 2-дақиқасидаёқ Абдуқодир Ҳусановнинг хатосидан кейин лондонликлар футболчиси Мадуэке ҳисобни очди. Сўнг Абдуқодир 4-дақиқада Палмерга нисбатан қоида бузиб, сариқ карточка билан жазоланди. Голдан кейин Ҳусанов мухлислар олқиши ва жамоадошларининг қўллаб-қувватлаши билан ўзига келди ва Жексон тепган тўпни қайтариб, клубини яққол голдан қутқарди.

42-дақиқада Йошко Гвардиол ҳисобни тенглаштирди. Иккинчи тайм бошида, яъни 52-дақиқада мураббий Гвардиола томонидан Ҳусанов Стоунз билан алмаштирилди. 68-дақиқада Эдерсоннинг узатмасидан сўнг Холанд майдон эгаларини ҳисобда олдинга олиб чиқди. 86-дақиқада Фоден ҳам ўз исмини таблога ёздириб қўйди. Шу тариқа “шаҳарликлар” “аристократлар”ни 3:1 ҳисобида мағлуб этиб, турнир жадвалида 4-ўринга кўтарилиб олди. “Челси” эса 6-ўринга тушиб кетди.


Мақола муаллифи

Теглар

Гвардиола Абдуқодир Ҳусанов шаҳарликлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг