Гутерриш Россияга муҳим масалада илтимос билан чиқди

Олам 15036
image

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Россияни Украина портларидан ғаллани хавфсиз экспорт қилинишини таъминлашга чақирди. Бу ҳақда БМТ Матбуот хизмати хабар берди, дея ёзмоқда “Anadolu” агентлиги.

“Украинадан, шунингдек, Россия ва Беларусдан озиқ-овқат ва ўғитлар етказиб беришни тикламасдан туриб, биз озиқ-овқат инқирозини самарали енгиб чиқа олмаймиз”, дейди Гутерриш.

Унинг сўзларига кўра, Украинадан етказиб беришнинг муқобил имкониятларини ҳам гарчи бу чора ўз-ўзидан барча муаммоларни ҳал қила олмаса-да, ўрганиш керак.

Антонио Гутерришнинг огоҳлантиришича, пандемия ва у билан боғлиқ бўлган иқтисодий ўзгаришлар, иқлим ўзгариши, даромадларнинг камайиши ва тенгсизлик, энди эса Россиянинг Украинага бостириб кириши туфайли инсоният ҳақиқатан ҳам қийин аҳволда қолмоқда.

Россия ва Украина буғдойга бўлган жаҳон талабининг учдан бир қисмини ва ўсимлик мойи етказиб беришнинг ярмини таъминлайди. Айниқса, озиқ-овқат нархининг ошиши қашшоқ мамлакатларни қийин аҳволга тушириб қўймоқда.

“Мен бу масалани Россия Федерацияси, Украина, Туркия, АҚШ ва Европа Иттифоқи, шунингдек, бир қатор муҳим давлатлар билан қизғин муҳокама қиляпман. Умид бор, лекин ҳали олдинда узоқ йўл бор”, дейди БМТ раҳбари АҚШ томонидан ташкил этилган ва озиқ-овқат инқирозига бағишланган тадбир иштирокчиларига мурожаат қилиб.

Шунингдек, учрашувда дунёнинг қатор мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари, жумладан, АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ҳам қатнашди.

Украина донни бошқа транспорт турлари билан экспорт қилиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда бутунукраина аграр кенгаши раҳбари ўринбосари Денис Марчук БМТ Матбуот хизматига берган интервьюсида маълум қилди.

“Урушдан олдинги даврда экспортнинг 90 фоизи ўтган Қора денгиз портлари урушнинг биринчи кунларидан бошлаб тўсиб қўйилган. Табиийки, унинг ўрнига ўринбосар топиш жуда қийин. Бугун биз янги йўналишлар (темир йўллар, автотранспорт воситалари орқали Европага, дарё портлари) устида ишламоқдамиз. Албатта, буни тўлиқ муқобил деб аташ мумкин эмас, лекин биз ҳозир шундай шароитда ишлашга мажбурмиз. Бу қийин, лекин имконият бор. Март ойида шу тарзда 200 минг тоннага яқин, апрель ойида эса миллион тоннадан ортиқ дон экспорт қилдик”, дейди Денис Марчук.

Украинада янги ғалла ҳосили бир ярим ой ичида йиғиб олинади. Аммо бу вақтга келиб, кўплаб ривожланаётган мамлакатларда дон захиралари деярли тугаши мумкин ва Украина Қора денгиз портлари Россия ҳарбийлари томонидан тўсиб қўйилганда, уларни тезда тўлдириши имконсиз бўлади.

“Нон, макарон, гўшт (чўчқа гўшти ва мол гўшти), сут, сариёғ, тухум, бир сўз билан айтганда, дон экинларидан фойдаланишни ўз ичига олган барча маҳсулотлар қимматлашади", дейди Денис Марчук.

Мутахассиснинг сўзларига кўра, бугунги кунда Украинада сотилиши мумкин бўлган 20 миллион тоннадан ортиқ ғалла қолган.

“Умид қиламизки, БМТ юк ташиш йўлларини блокдан чиқаришга эришиш усулларини топади. Эҳтимол, Россиядан озиқ-овқатга муҳтож мамлакатлар йўналиши бўйича юк кемаларига ҳамроҳлик қиладиган гуманитар карвонларни ишга тушириш мумкин. Ижтимоий ғалаёнлар замирида доимо очлик ётади. Агар ҳозир ҳеч қандай чора кўрилмаса, дунё миграциянинг навбатдаги янги тўлқинига дуч келиши мумкин, одамлар фаровонроқ мамлакатлардан ҳимоя, молиявий кафолатлар излайдилар”, дейди Денис Марчук.

Камронбей Кенжаев

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 280
Рейтинг: 2.9
t
×