Гурбангули Бердимуҳамедов Шавкат Мирзиёевни туғилган куни билан табриклади
Жамият
−
24 июл 1479 3 дақиқа
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 24 июль куни Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Туркманистон миллий етакчиси Шавкат Мирзиёевни таваллуд куни билан самимий табриклаб, унга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва катта муваффақиятлар, қардош Ўзбекистон халқига эса тинчлик-осойишталик ва равнақ тилаган. Шунингдек, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказган.
Гурбангули Бердимуҳамедов Президентнинг тинимсиз меҳнати ва узоқни кўзлаб юритаётган сиёсати туфайли Ўзбекистон янги марраларни забт этаётгани, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий соҳаларда салмоқли тараққиётга эришаётганини алоҳида таъкидлаган. Суҳбатда олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон-Туркманистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган.
Шунингдек, ўзаро ишонч ва умумий манфаатларни ҳисобга олиш тамойилларига асосланган кўп қиррали ҳамкорлик суръати ортиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилган ҳамда яқинда Ашхободда ўтган сиёсий маслаҳатлашувларнинг самарали якунлари юксак баҳоланган.
Сухбатда ўзаро товар айирбошлаш ва юк ташиш масалалари ҳам гаплашилган. Парламентлараро, ҳудудлараро, ишбилармонлик ва маданий-гуманитар алмашинувларни янада кенгайтириш муҳимлиги қайд этилган.
Бундан ташқари, мулоқотда минтақавий кун тартибини, шу жумладан жорий йил кузда Аваза шаҳрида ўтказиладиган Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашувига тайёргарлик кўриш доирасида мувофиқлаштириш ва илгари суришга алоҳида эътибор қаратилган.
Маълумот учун, бугун, 24 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 69 ёшга тўлди.
Шавкат Миромонович Мирзиёев 1957 йил 24 июлда Жиззах вилоятининг Зомин туманида шифокор оиласида туғилган. Миллати – ўзбек. Олий маълумотли, 1981 йили Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини тугатган. Муҳандис-механик мутахассислигига эга. Техника фанлари номзоди, доцент.
Меҳнат фаолиятини 1981 йилда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида бошлаб, кичик илмий ходим, катта ўқитувчи, доцент, ўқув ишлари бўйича проректор лавозимларида ишлади.
1990 йили Республика Олий Совети депутатлигига сайланиб, айни вақтда Мандат комиссиясининг раиси сифатида ҳам фаолият кўрсатган.
1992 йилда Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани ҳокими лавозимига тайинланган. 1996-2001 йилларда Жиззах вилояти ҳокими, 2001-2003 йиллар мобайнида Самарқанд вилояти ҳокими лавозимларида ишлаб, мазкур туман ва вилоятларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришга катта ҳисса қўшган.
Ижро ҳокимиятидаги фаолияти билан бир пайтда 1995-2003 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг депутати сифатида ҳам мамлакатни сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда демократик ислоҳотларни амалга ошириш борасидаги муҳим қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнида фаол иштирок этиб, самарали фаолият олиб борган.
Шавкат Мирзиёев 2003 йилда Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири этиб тасдиқланган ва ушбу лавозимга яна уч марта – 2005, 2010, 2015 йилларда Олий Мажлис палаталари томонидан қайта тасдиқланган.
У 2016, 2021 ва 2023 йилларда бўлиб ўтган президент сайловларида ғалаба қозониб, Ўзбекистон Президенти этиб сайланган.
Live
Барчаси