Гулноранинг қизи ўз жонига қасд қилган хизматчи, онаси ва бобоси ҳақида
Интервью
−
12 Март 2019
102211Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг набираси – Гулнора Каримованинг қизи Имон Каримова бугунгача кўрган-кечирганларини Буюк Британиянинг “The Guardian нашрига сўзлаб берди.
20 ёшли Имон Каримова ўз интервьюсида онасининг тутқунликдаги ҳаëтига оид айрим тафсилотларни айтиб берган. Унда ҳуқуқ-тартибот органларининг рейдлари, махсус суд муҳокамалари ва ўз жонига қасд қилган хизматчи ҳақида сўз боради.
Гулнора Каримова 2014 йилда ҳибсга олингунга қадар Марказий Осиёнинг энг қудратли ва бой кишиларидан бири эди. Бироқ Каримованинг “кучлилар” қаторидан туширилганига 5 йил бўлганига қарамай унинг ҳибсга олиниши билан боғлиқ баъзи деталлар ҳамон мужмал ва турли миш-мишлар билан бирга кезиб юрарди.
ОАВда қайд этилишича, Имон Каримова сўнгги 5 йилнинг кўп қисмини онаси билан бирга уй қамоғида ўтказган.
Хабарингиз бор, Гулнора Каримова жорий йилнинг 5 март куни қизи билан яшаб турган уйидан умумий тартибдаги колонияга олиб кетилган эди. Бу ҳақда аввалига Имон Каримова ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси орқали хабар берган. Орадан кўп ўтмай Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси расмий баёнот билан чиқди.
Ўтган ҳафтада АҚШ Адлия вазирлиги Каримовага нисбатан айбловни эълон қилганди. Баёнотда у дунё телекоммуникация компанияларидан Ўзбекистон алоқа бозорига киритиш эвазига 865 млн доллар (661 млн фунт) миқдорида пора олгани айтилади. Шунингдек, у швед ва швейцар коррупцияга қарши текширувлар объектига айланган. Бироқ, Гулноранинг ўзи коррупция бўйича барча айбловларни инкор қилган.
2011 йилдан бошлаб Имон Каримова Британиядаги хусусий Brighton College’да таҳсилни бошлаган. 2014 йил бошида 15 яшар Имон таътил баҳонасида Тошкентга келган. 2014 йилда Каримованинг уйига махсус либослардаги ходимлар келиб, унинг уйида тинтув ўтказишган ва барча электрон қурилмаларни олиб қўйишган. Бундан норози бўлган Гулнора зудлик билан отаси Ислом Каримовга қўнғироқ қилган, бироқ у билан боғланишнинг имкони бўлмаган. Шу-шу Гулнора Каримова отаси билан учрашолмаган.
Шундан сўнг бир ярим йил давомида Имон, Гулнора ва унинг икки хизматкори Тошкент ташқарисидаги виллада уй қамоғида сақланган.
Хизматкорлардан бири 30 ёшли Валентина Имонга шикоят қилиб, уйига болаларини кўришга рухсат беришмаганини ва унинг оиласига таҳдид қилишганини айтган. Бир куни тонгда Имон шификорлар замбилда хизматкорни олиб чиқиб кетаётганини кўрган. Кейинроқ, Валентинанинг оила аъзолари Имонга у қасддан сирка кислотаси ичганини ва вафот этганини айтган.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Гулнора Каримовага оид икки жиноят иши бўйича 2017 йил расмий маълумот берганди. Унга кўра, Каримова 2015 йилда беш йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Имон ўз интервьюсида онасининг “суди” улар сақланган уйда бўлганини айтган. У 2015 йил августда улар турган резиденцияга судья, прокурор ва ҳукумат тайинлаган адвокат келганини айтган. Имонга кўра, ошхонада ўтган жараён бир неча соат давом этган.
Ҳукм чиққанидан кўп ўтмай Имон онаси олдидан олиниб, Тошкент ташқарисидаги ҳукумат пансионатига кўчирилган. Имон у ерда ташқи дунёдан узилган ҳолда сақланганини иддао қиларкан, вақти-вақти билан у онасини кўргани бориб турганини айтади.
LiveБарчаси
Асад ҳокимияти ағдарилди.
08 Декабрь