Гулнора Каримованинг Британиядаги мол-мулки рўйхати эълон қилинди

Олам

image

Буюк Британияда Гулнора Каримовага тегишли бўлган мулклар рўйхатига Суррейдаги уй ва Лондоннинг нуфузли майдонларида умумий қиймати 40 миллион фунт (52 миллион доллар) бўлган иккита квартира киритилган. Бу ҳақда “The Daily Mail” нашри хабар берди.

Mаълум қилинишича, Каримованинг обектларини Бирлашган Қироллик расмийлари ўз фойдасига олишга ҳаракат қилмоқда.

Қайд этилишича, Суррейда Каримова 2010 йилда 18 миллион фунтга (23,5 миллион доллар) Gorse Hill Manor мулкини сотиб олган. Бугунги кунда ушбу иншоот 30 миллион фунт стерлинг (39 миллион доллар) туради.

Қаср 1912 йилда қурилган, унинг ҳудудида қайиқда сайр қилиш учун кўл ва 70 минг квадрат метр майдонга эга боғлар жойлашган. “Ўзбек малика” саройи ёнида нуфузли бойларнинг кошоналари, хусусан Бруней султонининг мулки жойлашган.

Буюк Британия пойтахтида Каримованинг иккита уйи бор. Уларнинг бири Mайфаир туманида 8 миллион (10,4 миллион доллар) ва Белгравия вилоятида 2 миллион фунт (2,6 миллион доллар)га сотиб олинган.

2018 йилнинг октябрида Британиянинг катта миқдордаги фирибгарликка қарши курашиш бюроси Гулнора Каримованинг коррупцион фаолиятидан топилган пуллар эвазига харид қилинган учта объектни хатлаш юзасидан даъвони илгари сурган эди. Бироқ ўшанда айнан қайси объектлар назарда тутилганига ойдинлик киритилмаган.

Ўтган йили Франция расмийлари Каримованинг Париждаги квартираси, Сент-Тропе ҳудудидаги вилла ва Париж четидаги қасрни отиб пулини Ўзбекистонга қайтаришини маълум қилганди. 

Париждаги квартира аллақачон 14 миллион еврога “ким ошди” савдосига қўйилгани маълум, бу харид нархидан икки баравар паст. 

Швецария прокуратураси ўзбекистонлик “ишбилармон аёл”нинг мамлакат банкларидаги ҳисобларида музлатилган маблағларини Ўзбекистонга қайтаришга тайёр. Бироқ активлар маълум шартлар билан Ўзбекистонга топширилади. Расмий Тошкент пулларнинг қайтарилиш жараёнининг шаффоф бўлишини, пуллар аҳоли фаровонлиги ҳамда мамлакат ривожланиши учун ишлатилишини таъминлашга кафолат бериши керак.

2017 йил июль ойида Ўзбекистон Бош прокуратураси Каримовга қарши иккинчи жиноий ишни қўзғатган. Буюк Британияда Каримованинг 4,2 миллион фунт (5,5 миллион доллар) миқдоридаги нақд пули, шунингдек, умумий қиймати 22,9 миллион фунт (30 миллион доллар) бўлган уйлар, квартиралари ва виллалари борлиги аниқланган. ОAВдаги Британия активлари орасида фақат “Лондоннинг Чешам кўчасидаги тўрт қаватли бинонинг” номи тилга олинган.

Икки йил олдин, Ўзбекистонда Гулнора Каримовага қарши солиқларни тўлашдан бўйин товлаш ва ўғрилик бўйича иккита жиноий иш очилган эди. Ушбу икки ҳолатда давлат ва фуқароларнинг манфаатларига етказилган зарарнинг умумий ҳажми 1 триллион 270 миллиард 200 миллион сўм, 1 миллиард 651,8 миллион AҚШ доллари, 26,1 миллион евро экани айтилган.

2015 йилда Каримова беш йилга, 2017 йилда 10 йилга қамалган. 2018 йилда иккинчи ҳолатда қамоқ муддати беш йил озодликни чеклаш билан алмаштирилди.

2019 йил бошида Каримова Зангиота аёллар колониясига “жазони ўташ тартиби ва шартларини қўпол равишда бузганлиги” учун кўчирилди.

Ўтган йилнинг декабрь ойида Каримова рейдлар билан шуғулланган уюшган жиноий гуруҳ тузишда айбланиб, янги жиноий иш қўзғатилган. Бош прокуратура маълумотларига кўра, ушбу иш доирасида етказилган зарар 165 миллион доллар ва 85 миллиард сўмдан (қарийб 9 миллион доллар) ташкил этди.


Мақола муаллифи

Теглар

Гулнора Каримова

Баҳолаганлар

461

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг