Гулнора Каримова фақатгина Президентнинг қизи эмасди

Таҳлил

image

Кечадан буён нафақат ўзбекистонликлар, хориждаги кўплаб сиёсатчилар, халқаро ташкилотларнинг нигоҳига Ўзбекистонга, аниқроқ айтадиган бўлсак, Гулнора Каримова ва унинг атрофидаги воқеаларга қаратилган. Хабарингиз бор, кеча, 5 март куни у ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан жазони ўташ колониясига олиб кетилган. 

Гулнора Каримова. 2013 йилгача Ўзбекистоннинг энг қудратли кишиларидан бири бўлган бу аёл шунчаки жиноятчи эмас, у зиёли, мартабали киши сифатида ҳам эътироф этилган. Шу ўринда Гулнора Каримованинг биографиясига эътибор қаратишни маъқул топдик. У Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи бўлибгина қолмай, профессор, элчи, тадбиркор, хонанда, шоира ҳам дейилган. 

Гулнора Каримова 1972 йилда Фарғонада туғилган. У жорий йилнинг июлида 47 ёшни қаршилайди. У кўплаб соҳалар муваффақиятли фаолият юритгани, профессор бўлгани, бир қанча халқаро ОТМларни тамомлагани, профессор экани алқанган. Каримова хоним буларнинг барчасига 40 ёшгача эришган. Бир сўз билан айтганда, у шунчаки давлат раҳбарининг қизи бўлмаган, аксинча, бу унинг ҳаёти ва фаолияти, керак бўлса муваффақиятлари кафолати эди. Яъни оддий одамларнинг фарзанди битта ОТМга кириш учун бир неча йиллар давовида ҳаракат қилиб турган бир вақтда Каримова хоним бирданига 3-4 ОТМда ўқиган. Унга устозлик қилганлар орасида, ҳатто, қан номзоди бўлмаганлар бўлган. Каримова эса профессор мақомини қўлга киритган. Хўш, у буларнинг барчасига ўз кучи билан етган деб ўйлайсизми? Йўқ, албатта! 

МАЪЛУМОТИ

1988 йили у Тошкентда ёш математиклар академиясини тугатган, 1994 йили Тошкент давлат университети фалсафа-иқтисодиёт факультетининг халқаро иқтисодиёт бўлимини бакалавр даражасини билан тамомлади. 1992 йили шу билан бирга Нью-Йорк штати университети қошидаги Мода технологиялари институтида таҳсил олди.

Image result for gulnara karimova islam karimov

1996 йили Каримова Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси қошидаги Иқтисодиёт институтининг магистратурасини битирди, 2000 йили Гарвард университетида санъат магистри даражасига эга бўлди.  2001 йили у Тошкент Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университетида сиёсий фанлар доктори бўлди.  2009 йили эса ўша ернинг ўзида профессор илмий даражасини олди.  2006 йили Гулнора Каримова Тошкент ахборот технологиялари университетида телекоммуникациялар соҳасида бакалавр даражасига эришди.

СИЁСИЙ КАРЬЕРАСИ

1995 йил июль ойида Гулнора Каримова Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида ишлашни бошлади. У ерда  вазир маслаҳатчиси лавозимини эгаллади. 2003 йил сентябридан бошлаб, то 2005-йил апрелигача у Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонасида маслаҳатчи-элчи бўлиб фаолият юритди. Бунга қадар Нью-Йоркдаги БМТ штаб-квартирасида Ўзбекистоннинг доимий ваколатхонаси маслаҳатчиси эди. 2008 йил февраль ойида у Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирига Маданий-ижтимоий соҳада халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича ўринбосар этиб тайинланди. 2008 йил сентябрь ойида Каримова БМТ қошидаги ва Женевадаги бошқа халқаро ташкилотларда Ўзбекистон Республикасининг доимий вакили этиб тайинланди. 

Image result for gulnara karimova professor

2010 йил январь ойида Каримова Ўзбекистоннинг Испаниядаги элчиси этиб тайинланди.

2012 йил июль ойи бошларида Гулнора Каримова Испаниядаги Ўзбекистон элчиси вазифасини тарк этди

ИЖТИМОИЙ ФАОЛИЯТ

Гулнора Каримова ўзининг 8 йиллик фаолияти давомида Ўзбекистонда ва хорижда бир ярим мингдан ошиқ ҳар йиллик лойиҳаларни ташкил этган ва ўтказган “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармасининг ташкилотчиси ва васийси ҳисобланади.  Фонд Ўзбекистоннинг жамоатчилик ташкилотлари ўртасида ўрнак сифатида ЮНЕСКОнинг расмий ҳамкорлари сафига киради. Фонд Россия, Хитой, Япония, Франция, Австрия, Швейцария, Испания, АҚШ, Буюк Британияда расмий ваколатхоналарини очади.  Гулнора Каримова Францияда ваколатхона очилиши муносабати билан Луврда ўзбек дизайнерлари дефилесини ўтказади,  Глазгода эса ўзбек сўзаналари кўргазмасини ташкил этади. 

Image result for gulnara karimova ijtimoiy loyihalar

Каримова бундан ташқари, ўзининг шахсий ташаббуси билан яратилган бошқа фондларга ҳам бош-қош бўлган.  Булар – оналик ва болалаик масалалари билан боғлиқ хайр-саҳоват билан шуғулланувчи “Аёллар кенгаши” ташкилоти, “Меҳр нури” жамғармаси. Каримованинг ташаббуси билан сут бези саратонига чалинган аёлларни моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида ушбу фондлар ҳамкорлигида “Ҳаёт учун” марафони ўзтказиб келинган. Аммо бу пуллар қерга қандай шаклда сарфлангани халқ кўзидан йироқ бўлган. 

Гулнора Каримованинг мамлакат ёшлари орасида катта обрў ва эътибор топишига “Янги авлод” болалар фестивали, “Келажак овози” ёшлар танлови, “Иқтидорли талабалар учун стипендиялар” танловларининг ўрни катта. Биргина “Келажак овози” истеъдодли ёшлар танловида бутун республика бўйича 388 минг номзод иштирок этган. 2011 йилгача ушбу танловнинг нуфузи жуда юқори бўлган. Боиси нодавлат ташкилот томонидан ўтказиб келинаётган ушбу танлов ғолиблари ОТМга имтиҳонсиз қабул қилинган. Танлов ўз даврида катта коррупция марказига ҳам айланган. 

Related image

Гулнора Каримова бошчилигидаги лойиҳаларнинг аксарини маданият ва санъат соҳасидаги ишлар ташкил этади. Каримова “Асрлар садоси” анъанавий маданият фестивали,  “Art week style.uz” мода ҳафталиги, M&TVA – йилнинг энг яхшилари тақдимоти, Teatr.uz, “Олтин гепард” фестивалига бош-қош бўлиб келган. 

Каримованинг фаолиятида охирги йилларда энг катта шуҳрат қозонган лойиҳаси эса “1000 тўй” бўлган. Ушбу лойиҳада Каримова республика бўйлаб оғир шароитлардаги оилаларнинг тўйларини ўтказиб беришга бошчилик қилган. Қайд этилишича, ушбу ҳайрия лойиҳаларини ташкил этиш, Каримованинг тадбиркорларга ўтказган зуғуми орқали амалга оширилган. 

ШАХСИЙ ҲАЁТ

1991 йилнинг июль ойида Гулнора дугонасининг туғилган кунида АҚШ фуқароси бўлган афғонистонлик этник ўзбек Мансур Мақсудий билан танишади ва унга турмушга чиқади.  

Related image

Никоҳдан кейин Гулноранинг эри Тошкентдаги Coca-cola компанияси ваколатхонасининг директори лавозимини эгаллайди. Ушбу никоҳдан бир йил ўтиб, 1993 йилда уларнинг Ислом исмли ўғли дунёга келади, 1999 йили эса қизи – Имон туғилади. 

Related image

2001 йили Гулнора ва Мансурнинг муносабатларига дарз кетиб, оила ажралади.  Каримова болалари билан бирга Нью-Жерсидаги оилавий уйидан кетади. Никоҳ ажрими жараёни 2 йилга чўзилади ва халқаро жанжалга айланиб кетади. Америка суди Мақсудийга болаларга васийлик ҳуқуқини беради, Гулнорага собиқ эрига болаларни қайтариш талабини қўйди ва уларни ушлаб тургани учун санкция беради.  2008 йил 9 июлда Нью-Жерси штати Олий суди судьяси Ден М.  Вилсон Гулнора Каримовага икки фарзанди учун тўлиқ ҳуқуқни қайтаришга қарор чиқарди.

Кейинги йилларда эса унинг хонанда Рустам Мадумаров билан ишқий муносабатлари тилга тушади. Гулнора буни рад этмагандек, доим у билан бирга намоён бўлади. Рустам Мадумаров ҳозирга келиб Гулноранинг жиноий шериги сифатида кўрилади. 

МУСИҚА

Гулнора Каримова шахсий телеканали ва радиоларига асос солганидан кейин, Googoosha тахаллуси билан қўшиқ куйлашни бошлайди. Унинг илк қўшиғи – “Унутма мени” таронаси 2004 йилларда эфир юзини кўради. У шеърлар ёзади ва мусиқа басталайди. Гулнора профессионал даражада вокал (мецо-сопрано) билан шуғулланди, Хулио Иглесиас ва Монсеррат Кабалье каби таниқли қўшиқчилар билан дуэтлар ижро этади. Албатта, бу ҳамкорлик текин бўлмагани аниқ. 

Related image

2012 йилнинг июнь ойида Googoosha АҚШда, шунингдек iTunes, Amazon ва бошқа интернет-дўконлар орқали халқаро савдода биринчи инглиз тилидаги альбомини тақдим этди. Альбом россиялик продюсер ва мусиқачи Макс Фадеев билан ҳамкорликда яратилди. 

Image result for googoosha

Альбом 12 композицияни ўз ичига олган. Улар орасида америкалик DJ White Shadow’дан “Round Run” синглига ишланган ремиксдан ташкил топган қўшиқ ҳам бор. Мазкур қўшиққа голливудлик режиссёрлар томонидан Бухорода клип суратга олинади. Унда жуда очиқ либосда намоён бўлган Гулнора Каримованинг хатти-ҳаракатлари ўзбек халқи томонидан танқидларга учрайди. 

Related image

Гулнора Каримова фаолиятининг сўнгги йилларида қўшиқчиликка шу қадар берилиб кетгандики, энди у тўйлар ва концерт дастурларида ҳам куйлашни бошлаганди. У ўзи томонидан ташкил этиладиган “Йил аёли” фестивали “Келажак овози” гала оқшоми, “Асрлар садоси” анъанавий маданият фестивали M&TVA – йилнинг энг яхшилари тақдимотида бир вақтлар Тамарахоним томонидан куйланган “Мавриги” қўшиғини ижро этади. У 2012 йилда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Райҳон Ғаниеванинг “Версаль” ресторанида бўлиб ўтган тўйида ҳам иштирок этиб, қўшиқ куйлаган.

Гулнора Каримова кўплаб муҳокамаларни келтириб чиқарган қўшиғини 2012 йилда куйлаган. “Сочим майда ўринг, ота” таронаси Гулнора Каримованинг муаллифлик қўшиғи эмас. У бу қўшиқни “Олтин гепард” танловига келиб тушган фильмлардан бирида эшитиб қолган ва куйлашга қарор қилган. Каримова қўшиқни 2012 йил M&TVA тақдимот маросимида куйлаб чиққанди. 

ТАНҚИД 

2011 йил 15 сентябрда Нью-Йоркда Модалар ҳафталиги доирасида Гулнора Каримованинг ёзги-кузги коллекцияси намойиши бўлиб ўтди, аммо, ҳафталик бекор қилинди. Бунга сабаб сифатида ўша йиллари Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари доимий равишда бузиб келинаётгани сабаб қилиб кўрсатилган.

Шунингдек, Каримованинг намойишига Ўзбекистонни вояга етмаганлар меҳнатидан фойдаланишда айблаётган Меҳнат ҳуқуқини муҳофаза қилувчи халқаро форум фаоллари қарши чиққан.  

ЗАРГАРЛИК ВА МОДА

Гулнора Каримова ўзи томонидан ташкиллаштириладиган “Art week style.uz” мода ҳафталигида бир неча бор шахсий коллекцияларини тақдим этган. Айниқса, унинг 2012 йилдаги коллекцияси мамлакатда жуда кенг тарғиб қилинган. Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмоновадан тортиб хонандалар Шаҳзода, Нилуфар Усмонова Каримовага мансуб қимматбаҳо либосларни харид қилиб, ушбу либосларда чиқиш қилишни бошлаганлар. 

Related image

Гулнора Каримова ўша даврларда заргарлик ва атторлик молларини ишлаб чиқаришга ҳам қизиб қолди ва Guli брендига асос солди. Шаҳар марказидаги курант соати биносида мазкур атторлик моллари ва тақинчоқларнинг илк тақдимот маросими бўлиб ўтган эди. Маълумотларга қараганда, у бу тақинчоқларни заргарнм қамаб қўйиб ясаттирган.

Гулнора даврида даврон сурди. Қимматбаҳо мол-мулклар, шон-шуҳрат, мавқе... Аммо бу узоққа бормади. Давлат билан ўйнашиб бўлмайди. У ўз номи билан давлат ва бир кун Гулноранинг ҳам ундан лат ейиши аниқ эди. Шундай бўлди ҳам. Шу боис бугун унинг бошидан ўтаётганлар вақтида сурилган давроннинг бадалидир, балки... Шу маънода Каримова фақат Президентнинг безарар арзандаси эмасди. У барча қилмишлари учун оддий одамлар сингари жавоб беряпти. Бериши ҳам керак!
 


Мақола муаллифи

Теглар

Гулнора Каримова

Баҳолаганлар

1259

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг