Гулнора Каримова 48 ёшни қамоқда қаршилади
Жамият
−
08 Июль 2020
90330Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова бугун, 8 июль куни 48 ёшни қаршилади. Каримова айни вақтда қилган жиноятлари қонун олдида жавоб берган ҳолда қамоқ муддатини ўтамоқда.
Сўнгги маълумотларга кўра, у Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган 21-сонли жазони ўташ Колониясида сақланмоқда. У колонияга 2019 йилнинг 14 март куни олиб келинган ва 7-отряднинг 2-секторига (умумий режимдаги) жойлаштирилган.
Жорий йилнинг 18 март куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Гулнора Каримова ва у томонидан ташкил этилган жиноий уюшма аъзоларига нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.
Ўтказилган ёпиқ суд мажлисида судланувчилар, гувоҳлар, жабрланувчилар кўрсатмалари тингланди, далиллар текширилди ва судланувчилар ҳимоячиларининг важлари муҳокама қилинди.
Суд жиноят иши материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб, судланувчи Гулнора Каримовани жиноий уюшма ташкил этиш, товламачилик, ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбли деб топди.
Суд ҳукми билан Гулнора Каримовага 13 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жиноят қонунчилиги нормаларига мувофиқ ҳамда бир неча жиноят ва ҳукмлар мажмуи бўйича жазо тайинланганлигини инобатга олган ҳолда жазо муддатини 2015 йил 21 августдан бошлаб ҳисоблаш белгиланди.
Қолган судланувчиларга ҳам содир этилган жиноятларнинг оғирлилик ва ижтимоий хавфлилик даражаси ҳамда уларнинг жиноятлардаги иштирокидан келиб чиқиб, тегишли жазолар тайинланди.
Хусусан, суд ҳукмига кўра, Н. Содиковга 20 йил, О. Свиридовга 17 йил 3 ой, А. Эргашевга 18 йил 1 ой, Ш. Сабировга 17 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси, Г. Авакьянга 3 йил синов муддати билан 5 йил 3 ой 21 кун шартли равишда озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Ж. Абдурахманов ва Б. Тешабаев эса жавобгарликка тортиш муддатининг ўтиб кетганлиги муносабати билан жиноят учун жавобгарликдан озод қилиндилар.
LiveБарчаси