Гулистонда “тиббиёт кластери” ташкил этилади – Мирзиёев
Жамият
−
06 Ноябрь 2020
4753Гулистон шаҳрида тиббиёт кластери ташкил этилиб, ҳудуддаги тиббиёт коллежи олий таълим муассасига айлантирилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишга бағишланган селектор йиғилишида айтиб ўтди.
Гулистон шаҳридаги Шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш Республика илмий маркази филиали ва вилоят кўп тармоқли шифохонаси бир ҳудудда бўлиб, унга туташ ёки атрофида 10 га яқин тиббиёт муассасаси жойлашган. Давлат раҳбари уларни вилоят кўп тармоқли шифохонасига ягона бошқарув асосида бирлаштириб, “тиббиёт кластери”га айлантириш, тиббиёт коллежи негизида тиббиёт олийгоҳини ташкил этиш учун барча зарурий инфратузилма мавжудлиги кўрсатиб ўтди.
Йиғилишда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва вилоят ҳокимлигига йил якунига қадар хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда “Гулистон тиббиёт кластери”нинг лойиҳасини ишлаб чиқиб, ишни бошлаш вазифаси юклатилди.
Ҳар бир вилоят ҳокими бир ой муддатда ўз ҳудудида Сирдарё тажрибаси асосида, илғор хорижий клиникалар билан ҳамкорликда “тиббиёт кластерлари”ни ташкил этиш бўйича таклиф киритиши белгиланди.
Аввалроқ, Президент эндиликда соғлиқни сақлаш тизимининг кадрлар масаласига ҳеч ким аралашмаслигини маълум қилганди.