Грузиянинг Европа Иттифоқига интеграцияси музлатилган – элчи

Олам

image

Грузиянинг Европа Иттифоқига кириш жараёни “Хорижий агентлар тўғрисида”ги қонун туфайли амалда тўхтатилган. Бу ҳақда “Interpress” ахборот агентлиги иттифоқнинг мамлакатдаги элчиси Павел Герчинскийга таяниб хабар берди.

Герчинский айни дамда Грузия ва ЕИ ўртасидаги муносабатларда жуда қийин давр бошланганлигини айтиб, “Хорижий агентлар тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши Грузиянинг Европа Иттифоқига интеграциялашувини музлатиб қўйгани яққол кўриниб турганини айтди.

Элчининг сўзларига кўра, Европа Иттифоқига аъзо давлатларнинг Ташқи ишлар вазирлари июнь ойининг охирларида Люксембургда йиғилган ҳолда, Грузиянинг мақомини муҳокама қилади.

“Кейинги қадамлар бўйича турли вариантлар тайёрланган ва иттифоққа аъзо давлатлар бу менюдан қайси вариантни амалга оширишни ҳал қиладилар”, дейди Европа Иттифоқининг Грузиядаги расмий вакили.

Маълумот ўрнида, Грузия ҳукмрон доиралари томонидан илгари сурилган молиялашнинг 20% дан ортиғи чет элдан туриб амалга ошириладиган ташкилотларни “хорижий агент” сифатида рўйхатдан ўтказишни талаб қилувчи қонун маҳаллий танқидчилар томонидан авторитар деб танқид қилинганди. Бироқ Грузиянинг ҳукмрон партияси буни молиялаштириш шаффофлигини таъминлаш учун зарур қадам деб атади.

Икки ой давомида қонун лойиҳасининг мухолифлари Грузияда 1991 йилда Москвадан мустақилликка эришганидан буён энг йирик норозилик намойишларини ўтказиб, қонунни бекор қилишга ундади. Шунингдек, Қўшма Штатлар, Европа Иттифоқи ва Буюк Британия қонунни қайта-қайта танқид қилиб, Грузияни унинг қабул қилиниши Европа Иттифоқига тўлиқ аъзо бўлиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини тўхтатиб қўйиши ҳақида огоҳлантирган эди.

Жанубий Кавказ давлати ўтган йилнинг декабрь ойида номзод мақомига эга бўлган, бироқ Европа Иттифоқи расмийлари Грузия қўшилишдан олдин бажариши керак бўлган баъзи муҳим ислоҳотларни амалга оширишни кечиктираётганлигини айтган.

Эслатиб ўтамиз, 3 июнь куни Грузия парламенти раиси Шалва Папуашвили мамлакат Президенти, Ғарб элитаси ва намойишчиларнинг кескин қаршиликларига қарамай, “Хорижий агентлар тўғрисида”ги қонунни имзолаганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Грузия Европа Иттифоқи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг